Сербияликлар Самарқанд саёҳатида
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Сербия Республикаси Халқ йиғилиши (парламенти) “Сербия – Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Александр Маркович бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.
Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокимлиги масъуллари томонидан кутиб олинган делегация дастлаб Имом Бухорий мажмуаси билан танишди.
Мажмуанинг ўзига хос кўриниши, маҳобатли масжид, Ислом тарихи, Имом Бухорий ҳаёти ва фаолиятига оид бебаҳо маълумотларга асосланган музей меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирганини қайд этишди.
[gallery-30026]
Амир Темур мақбарасида соҳибқирон ва темурийлар даври тарихига оид муҳим маълумотлар берилди. Бу даврдаги илм-маърифат, маданият ривожи билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар меҳмонларнинг ҳайратини оширди.
Самарқанд, деганда кўпчиликнинг кўз олдида Регистон майдони жонланади. Бу ҳеч кимга сир эмас. Ўзининг бетакрор меъморий ечимлари, ўзига хос нақшинкор безаклари билан ҳар қандай кишини ром этадиган бу маскан сербиялик меҳмонларни ҳам мафтун этди. Унинг ҳар бир масжид ва мадрасасидаги нақшлар тарихнинг сирли саҳифаларидан дарак беради.
Сербия делегацияси қадимий кентдаги бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларда ҳам бўлди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари