Болалар хавфсизлигини таъминлаш – муҳим вазифа
Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳудудида вояга етмаганлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида кенг қамровли профилактик-тарғибот тадбирлар ўтказилмоқда.
Тадбирлар давомида автомобиль йўлларининг белгиланмаган жойларида ҳаракатланаётган ёш велосипедчилар билан суҳбатлар ўтказилмоқда, уларга йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш юзасидан тушунтириш берилмоқда.
– Профилактик тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, вояга етмаган ёшларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини таъминлашга қаратилган, – дейди вилоят ЙҲХБ катта мутахассиси Абдумажид Раимжонов. – Шу билан бирга, болаларга ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини ўргатиш, уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига оид билимларини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишдан иборат.


Шунингдек, тадбирлар давомида амалдаги тартибларга мувофиқ, 14 ёшга тўлмаган ҳолда автомобиль йўлларида велосипед ҳамда скутер бошқариб юрган вояга етмаганларнинг ота-оналари билан ҳам фарзандларини назоратсиз ва қаровсиз қолдирмаслик, уларнинг йўлларда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш юзасидан суҳбатлар ўтказилмоқда.


Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари