Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлиснинг биринчи иш кунида электрон тижорат, бола ҳуқуқлари, маданий мерос, одил судлов, рақамли маркировкалаш, кўчмас мулк, фитосанитария тизими, тергов ҳибсхоналари билан боғлиқ қонунлар маъқулланди.

Шу билан бирга, автомобиль бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асос яратилди. Кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилди. Маҳаллий кенгашларнинг ижтимоий мавқеи оширилди, ҳудудий муаммоларни ҳал этишда вакиллик назоратининг таъсирчанлиги кучайтирилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунида креатив иқтисодиёт, Янги тараққиёт банки, умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат билан боғлиқ қонунлар кўриб чиқилади.

Парламент назорати доирасидаги қатор масалалар ҳам муҳокама қилинади. Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан, Вазирлар Маҳкамасига табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўровлари юбориш масалалари муҳокама қилинади.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2025 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси эшитилади.
Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА