Ўзбекистон Янги тараққиёт банки тўғрисидаги битимга қўшилади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Янги тараққиёт банки тўғрисидаги Битимга (Форталеза, 2014 йил 15 июль) қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев битимнинг асосий мақсади – инвестиция фаолияти орқали иштирокчи давлатларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашиш эканини таъкидлади.

Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиш мамлакатимиз учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилма ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради.

Банк давлат ва хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлар ажратиш, кафолатлар бериш ва инвестиция киритиш каби замонавий молиявий инструментлардан фойдаланади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлигини кенгайтиради. Инвестицияларни жалб этиш ва иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, шунингдек, мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА