Сенат Раиси Марказий Осиё мамлакатлари парламент аъзолари билан учрашди
Бухоро шаҳрида ўтаётган хотин-қизларнинг халқаро форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон парламентлари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, рақамли технологиялар ва экологик ташаббуслар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар давомида минтақада ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Туркманистон Межлиси Раиси Дунёгўзал Гулманова билан бўлиб ўтган учрашувда транспорт ва транзит соҳасидаги алоқалар, чегараолди ҳудудлардаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда хотин-қизларни рақамли технологиялар соҳасига кенг жалб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар замонавий технологиялар шароитида аёлларнинг билим ва кўникмаларини ошириш орқали уларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтириш муҳим эканини қайд этди.
Қозоғистон Парламенти Мажилиси Раиси ўринбосари Дания Еспаева билан учрашувда эса Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма ташаббуслар муҳокама қилинди. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар барқарор тараққиёт ва минтақавий ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Раисининг ўринбосари Жилдиз Таалайбек қизи билан бўлиб ўтган мулоқотда икки давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда хотин-қизлар етакчилигини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувларда бугунги глобал тараққиёт шароитида хотин-қизларнинг таълим, инновация ва рақамли технологиялар соҳаларидаги фаоллигини ошириш долзарб вазифалардан бири экани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, замонавий билим ва технологияларга эга бўлган аёллар жамият тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Сенат Раиси хотин-қизларнинг “яшил иқтисодиёт” ва экологик ташаббуслардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш масалаларида аёлларнинг фаол иштироки келажак авлод фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мазкур учрашувлар минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, парламент дипломатиясини ривожлантириш ва хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири