Қобилжон Собиров: Ўзбекистон ШҲТ доирасида глобал ҳамкорлар билан сиёсий-иқтисодий алоқани мустаҳкамламоқда
Бугунги глобаллашув даврида халқаро муносабатларни мустаҳкамлашда нафақат расмий, балки халқ дипломатияси ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида халқ дипломатиясини ривожлантириш давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва маданий яқинликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда ҳам халқ дипломатиясига катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази фаолият юритиб, ШҲТга аъзо давлатлар билан маданий-гуманитар алоқани кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда. Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров билан суҳбатимиз марказ фаолияти, халқ дипломатияси тушунчасининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида кечди.
– Бугунги кунда Халқ дипломатиясининг аҳамияти қандай?
– Халқ дипломатияси – маданият ва анъаналарни яхшироқ тушуниш, манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётган халқлар ва ташкилотларнинг беғараз мулоқот майдонидир. Халқ дипломатиясида сиёсий шахслар эмас, балки ижодкорлар, илм-фан намояндалари, ишбилармон доиралар вакиллари, ёшлар, хуллас оддий халқ вакиллари иштирок этади. Улар халқаро миқёсдаги турли форумлар, симпозиумлар, анжуманлар, ҳатто низоларни ҳал этиш бўйича музокараларда ҳам давлат номидан воситачи сифатида қатнашиши мумкин.

Эътиборлиси, ҳозир халқ дипломатияси ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, давлатлар билан бирга фаол тарғиботчи сифатида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳам майдонга чиқмоқда. Улар ўз қадриятларини ҳам иштирокчи давлатлар аҳолиси, ҳам кенг халқаро жамоатчилик ўртасида тарқатадилар.
Ўзбекистон учун халқ дипломатияси чуқур тарихий ва ижтимоий-маданий, сиёсий асосга эга. Миллатлараро, маданиятлараро, конфессиялараро ва тиллараро бағрикенглик ўзбек этноси учун хос фазилатлард ҳисобланади.
– Марказнинг асосий вазифалари нималардан иборат? Амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, тадбирлар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган халқ дипломатияси марказини яратиш ғояси, халқаро вазиятдаги беқарорлик ва ноаниқлик омиллари ҳамда турли хатарлар кўпайиши асносида жуда долзарб. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази фаолияти аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг хилма-хил имкониятларини очиш, ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ жипслигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Марказ бугунги кунда илм-фан, таълим, маданият ва спорт, туризм, бизнес соҳаларида кўплаб амалий ишларни олиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида марказ томонидан 500 дан ортиқ халқаро анжуман, илмий-амалий конференция, семинар, давра суҳбати, ижодий кеча, тақдимот, спорт мусобақалари, кўргазма ва брифинглар ташкил этилди. Маҳаллий ва хорижий тузилмалар билан 90 га яқин ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 900 дан ортиқ мақола ва ахборот материали тайёрланиб, маҳаллий ва хорижий ахборот ресурсларига, ижтимоий тармоққа жойлаштирилди.
Охирги йилларда марказнинг асосий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ШҲТ Самарқанд, Деҳли, Остона ва Тяньцзинь саммитларида илгари сурган ташаббусларини ҳаётга тадбиқ этишга қаратилган. Жумладан, “ШҲТга аъзо давлатларнинг 2023-2027 йилларда узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш комплекс режаси”даги маданий-гуманитар тадбирлар ижросини таъминлаш, “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни оммалаштириш, Ўзбекистондаги илмий, маданий-маърифий муассасалар билан ШҲТ мамлакатларидаги турдош тузилмалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, ташкилотга аъзо давлатлардаги фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат тузилмалар ва жамоат ташкилотлари билан ёшлар сиёсатига оид, таълим, илм-фан, туризм, спорт ва экология каби соҳаларда самарали шериклик ўрнатиш, халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланган ҳолда ШҲТ мамлакатлари орасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатини, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни кучайтириш, ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилмоқда.
– Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасидаги ўрни ва ташаббусларига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Аввало таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ШҲТ таъсисчиларидан бири. Республикамиз тузилма доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг келгуси стратегиясини белгилашда доимо етакчилардан бири сифатида тан олинади.
ШҲТнинг 25 йиллик тарихи давомида мамлакатимиз Ташкилотга тўрт марта раислик қилди. Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йил Тошкентда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ташкил этилди, хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашувлари формати жорий этилди. ШҲТда кузатувчи мақомини бериш механизми ишга туширилди, халқ дипломатияси ва ШҲТнинг Эзгу ният элчилари институтлари яратилди.
Таҳлиллар кўрсатадики, самарали ташаббуслар бўйича Ўзбекистон ШҲТда етакчи ўринни эгаллайди. Авваллари асосан хавфсизлик соҳасида фаоллик кўрсатган Ўзбекистон томони энди иқтисодиёт, транспорт ва логистика, инновация ва рақамли ривожланиш, маданият ва халқ дипломатияси каби йўналишлар ҳисобига умумий салоҳиятни ошириш зарурлигига эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотида фаол иштирок этиб, қўшни давлатлар ва глобал ҳамкорлар билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган 90 дан ортиқ ташаббуснинг 75 таси иқтисодиёт, хавфсизлик, экология ва гуманитар муносабатлар соҳаларини қамраб олган ҳолда, аллақачон фаол амалий босқичга ўтган.
Давлатимиз рақамли иқтисодиёт, яшил технология каби истиқболли йўналишларни ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон ШҲТ доирасида иқтисодий ва сиёсий ривожланиш имкониятини, жумладан, минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар доирасида кўрмоқда. Биз учун асосий фойда савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестиция жалб қилиш, шунингдек энергетика, транспорт ва инфратузилма соҳаларидаги қўшма лойиҳаларда иштирок этишдан иборат. Истиқбол ташкилот доирасида интеграцияни чуқурлаштириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашни ўз ичига олади.
ШҲТ доирасида маданий-гуманитар ҳамкорлик ривожланмоқда. Бу иштирокчи давлатлар ўртасида ўзаро тушунишни, яхши қўшничилик муносабатини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу тариқа республикамизнинг ШҲТдаги иштироки минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестицияни ривожлантириш, шунингдек ШҲТ негизи бўлган Марказий Осиёда барқарор ва инновацион ривожланишни рағбатлантиришга ҳисса қўшиб, сезиларли сиёсий ва иқтисодий фойда келтиради.
– Халқ дипломатиясини янада ривожлантириш учун қандай тавсиялар берган бўлар эдингиз?
– Бугун жаҳон мамлакатлари ва халқларига тўғридан-тўғри мулоқот зарур. Бунинг учун эса қулай, хавфсиз майдон – мулоқот платформаси кераклигини англаган Ўзбекистон раҳбарияти ШҲТ ва дунё халқларини янги майдонга чақирмоқда. Бу борада маданий, сиёсий ва ижтимоий жамоатчиликни бирлаштирувчи шаҳарлар ва “Шаҳарлар дипломатияси”нинг роли яққол сезилади. Шу боис Ўзбекистон ва Марказий Осиё жавоҳири Самарқанд – Халқ дипломатияси марказларидан бирига айланмоқда. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган.
Азал-азалдан Самарқанд турли ғоя ва билимлар “қайнаган” макон бўлиб, бу масканда инсониятнинг тинч ва фаровон яшаш, ўз кучи ва имкониятини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлган.
Хуллас, ишонч билан айтиш мумкинки, дунёда глобализация ва интеграция жараёни кенгайиб бораётган бир вақтда ўзаро ишончнинг ёрқин намунаси ҳисобланган халқ дипломатияси айниқса ШҲТ маконида яхши қўшничилик муносабатлари ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбири
Гўзал Сатторова ёзиб олди.