СЕНАТ: қандай муҳим масалалар кўриб чиқилди? (+видео)
Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда таҳликали даврда шахс, жамият ва давлат манфаатларини уйғун ҳолда таъминлайдиган барқарор тараққиёт суръатларини сақлаш зарурлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
– Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, миллий бирликни мустаҳкамлаш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади, - деди Т.Норбоева. – Айни пайтда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган халқпарвар сиёсат ана шу улуғвор мақсадга хизмат қилмоқда. Деярли ҳар куни мамлакатимиз ривожи, ҳудудларни комплекс тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган энг долзарб масалалар олий даражада муҳокама қилиниб, аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилмоқда.
“Дунёда рўй бераётган ўта мураккаб сиёсий ва иқтисодий вазиятга қарамай, юртимизнинг барқарор тараққиёти ва миллий бирлигини таъминлашда Давлатимиз раҳбарининг тинимсиз меҳнати, узоқни кўзлаган сиёсати ва собитқадамлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Шубҳасиз, бу жараёнларда барча даражадаги давлат мутасаддилари билан бир қаторда сенаторлар ва маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам юксак дахлдорлик ҳисси билан фаолият юритиб, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиши зарур”, деди Сенат раиси.
Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар бошланган илк даврда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши ўта муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлгани таъкидланди.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларни рози қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этишда мазкур институт ўзининг самарадорлиги ва натижадорлигини амалда намоён этди.
Мазкур соҳани янада такомиллаштириш ва уни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Президент фармонида парламент зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклатилди. Жумладан, 2026 йил май ойидан бошлаб аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини Қонунчилик палатаси ва Сенатда, ҳокимлар ҳамда ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини эса тегишлича Сенатда ва маҳаллий кенгашларда ҳар чоракда камида бир марта эшитиб бориш тартиби жорий қилинади.
Сенаторлар пулли йўлларни ташкил этишга оид қонунни маъқуллади. Бу – янги таҳрирдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун бўлиб, унинг асосий мақсади – автомобиль йўлларини ривожлантириш, улардан фойдаланиш тартибини белгилаш, йўл фаолияти соҳасидаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солишдан иборатдир.
Қонун йўл инфратузилмаси ривожланиши, ҳаракат тезлиги ортиб, тирбандликлар камайишига, йўл-транспорт ҳодисалари сони қисқаришига замин яратади.
“Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунда соҳанинг асосий принциплари белгиланди. Бу – қонунийлик, холислик, ҳалоллик, ахборот махфийлиги ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликни ўз ичига олади.
“Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонунда нодавлат суд экспертларининг ҳуқуқий мақоми, уларни ташкил этиш, фаолият йўналишлари белгиланди. Нодавлат суд-экспертларига бюро ташкил этган ҳолда якка тартибда фаолият юритишга рухсат берилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун суд-экспертлик фаолиятининг мустақиллиги ва шаффофлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловдан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Эндиликда кўчмас мулк бузилганда юзага келган зиддият ва ноаниқликлар мулкдор фойдасига талқин этилади. Бу Сенат ялпи мажлисда маъқуллаган “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топган.
“Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
“Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жумладан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, ноқонуний ов қилиш, дарахтларни кесиш ва бошқа экологик қоидабузарликларни кўриб чиқиш ваколати Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига берилмоқда.
Сенат ялпи мажлиси эртага ўз ишини давом эттиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bwEsfEj0JV4" title="O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senatining o‘n to‘rtinchi yalpi majlisi o‘z ishini boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео),
Салим Обиджонов (мотнаж), ЎзА