Сайёр қабулда фуқароларнинг кадастрга оид муаммолари ҳал этилмоқда
Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топиш давлат идоралари фаолиятининг бош мезонига айланди.
Хусусан, фуқаролар энг кўп дуч келадиган кадастр, ер ва кўчмас мулк соҳасидаги масалаларни ҳал этиш мақсадида тизим раҳбарларининг ҳудудлардаги очиқ мулоқотлари изчил давом эттирилмоқда. Кадастр агентлиги директори в.б. Садриддин Турдиев томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабул ҳам айнан аҳолининг мурожаатларини тинглаш ва мавжуд муаммоларни қонуний тартибда бартараф этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Мулоқот давомида фуқаролар ва тадбиркорларнинг кадастр соҳасига оид мурожаатлари, ер ва кўчмас мулк билан боғлиқ масалалари ҳамда мавжуд муаммоларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳоли мурожаатлари жойида кўриб чиқилиб, уларнинг қонуний ечимларига эътибор қаратилиб, кўтарилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби учрашувлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг муаммоларини яқиндан ўрганиш, давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда кадастр соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Сайёр қабул бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА