Кўчатлар нега қурийди: муаммо танловдами ёки парваришда?
Биринчи мақола
Бугун юртимизни яшил ва обод қилиш, экилган ҳар бир кўчатнинг яхши ўсиб, дарахтга айланишини таъминлаш жуда муҳим. Аммо бунинг учун нималарга эътибор бериш керак? Қандай дарахтларни экиш ва уларни қандай парвариш қилиш лозим? Бу каби саволларга жавоб топишда олимларимизнинг илмий изланишлари муҳим аҳамиятга эга.
Президентимизнинг 2026 йил 23 сентябрдаги Фармонида ҳам кўкаламзорлаштиришга илмий ёндашиш, дарахтларни асраш ва кўчатлар яшовчанлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу мавзуда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги академик Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи Дендрология лабораторияси мудири, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Собитжон Носиров билан суҳбатлашдик.
Аввало, ўсимликлар экологияси деганда нимани тушунамиз? Нега бугун дарахт экишнинг ўзи эмас, унинг қаерга ва қандай шароитда экилиши муҳим бўлиб қоляпти?
—Ўсимликлар экологияси деганда, аввало, ўсимликларнинг ташқи муҳит билан ўзаро муносабатларини тушунамиз. Ҳар бир ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши, кўпайиши ва муайян ҳудудда яшаб қолиши тупроқ, сув, ҳарорат, ёруғлик, ҳаво намлиги каби экологик омилларга бевосита боғлиқ. Бу масалани Ўзбекистон мисолида кўрадиган бўлсак, республикамиз табиий-иқлим шароити ниҳоятда хилма-хил. Бир томонда Қорақалпоғистон, Бухоро ва Навоийнинг қурғоқчил, айрим жойларда шўрланган ҳудудлари бўлса, иккинчи томонда Тошкент воҳаси, Фарғона водийси ва тоғолди минтақалари мавжуд. Уларнинг тупроқ таркиби, сув таъминоти, йиллик ёғингарчилик миқдори ва ҳарорат кўрсаткичлари бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун бир ҳудудда яхши ўсиб ривожланаётган дарахт бошқа жойда ҳам худди шундай натижа беради, деб бўлмайди.
Масалан, Тошкент шаҳрида суғориш имконияти мавжуд бўлган ҳудудда яхши ўсаётган айрим манзарали дарахтларни сув таъминоти чекланган, тупроғи кучли шўрланган майдонларга олиб бориб экиш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Бу ўсимликнинг ёмонлиги билан эмас, балки унинг биологик талаблари ўша муҳитга мос келмаслиги билан боғлиқ.
Бугун бу масала янада долзарблашмоқда. Чунки шаҳарларда дарахтлар фақат табиий иқлим таъсирида эмас, балки инсон фаолияти натижасида шаклланган ўзига хос муҳитда ўсмоқда. Асфальт ва бетон қопламаларнинг кўпайиши, тупроқнинг зичлашиши, ерости коммуникациялари, транспорт ҳаракати ва ҳавонинг ифлосланиши уларнинг ривожланишига таъсир кўрсатади. Масалан, бир хил турга мансуб иккита дарахтнинг бири кенг, очиқ ва тупроқ шароити қулай жойда, иккинчиси эса асфальт билан ўралган тор майдонда ўсса, уларнинг ривожланишида жиддий фарқ кузатилиши мумкин. Чунки иккинчи ҳолатда илдиз тизимининг тарқалиши, тупроқда ҳаво алмашинуви ва намликдан фойдаланиш имконияти чекланади. Шу боис кўкаламзорлаштиришда дарахтнинг фақат манзаравий кўриниши ёки тез ўсишига қараб тур танлаш етарли эмас.
Бизнинг Тошкент Ботаника боғида олиб борилаётган илмий тадқиқотларимиз ҳам айнан шу масалалар билан боғлиқ. Ботаника боғининг 2025–2029 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот дастурида коллекциялардаги дарахт ва буталарнинг интродукция натижаларини таҳлил қилиш, уларнинг маҳаллий шароитга мослашувчанлиги, айрим турларнинг сақланиб қолмаслик сабаблари ва биоэкологик хусусиятларини ўрганиш белгиланган. Шунингдек, дастурда республика кўкаламзорлаштиришида фойдаланилаётган 400 дан ортиқ турдаги дарахт ва буталарнинг ботаник тавсифи, тарқалиши, кўпайтириш, етиштириш ва парваришлаш хусусиятларига доир маълумотларни умумлаштириш назарда тутилган. Бу маълумотларнинг амалий аҳамияти катта. Чунки улар муайян ҳудудга қайси турларни тавсия қилиш мумкинлиги, қайси турлар қўшимча парвариш талаб этиши ва қайси экологик шароитда яхши ривожланишини баҳолаш учун илмий асос бўлиб хизмат қилади. Демак, бугун кўкаламзорлаштиришдаги асосий вазифа фақат кўчат экиш эмас. Экилган ўсимликнинг шу муҳитда соғлом ўсиши, узоқ яшаши ва ўзининг экологик вазифасини бажаришини таъминлашдир.
«Яшил макон»да асосий мақсад кўчат сонини кўпайтириш эмас, уни сақлаб қолиш экани айтилмоқда. Ўзбекистон шароитида кўчатларнинг қуриб қолишига энг кўп нима сабаб бўляпти?
—Аввало, кўчатларнинг қуриб қолишини фақат битта сабаб билан изоҳлаб бўлмайди. Бунда бир нечта омил биргаликда таъсир кўрсатади. Лекин Ўзбекистон шароитида энг муҳим муаммолардан бири сув таъминоти ва кўчат экилгандан кейинги парваришнинг етарли даражада ташкил этилмаслигидир.
Маълумки, республикамизнинг катта қисми қуруқ ва кескин континентал иқлим минтақасида жойлашган. Ёз ойларида юқори ҳарорат ва кучли буғланиш натижасида тупроқдаги намлик тез камаяди. Айниқса, янги экилган кўчатлар бундай шароитга анча сезгир бўлади.
Бунинг асосий сабаби кўчат кўчириб экилганда унинг илдиз тизими ҳали янги муҳитга тўлиқ мослашмаган бўлади. Илдизлар тупроқнинг етарлича катта ҳажмини эгалламагани сабабли ўсимлик ўз эҳтиёжи учун зарур намликни доим ҳам ўзлаштира олмайди. Бундай вақтда суғориш кечиктирилса, ўсимликда сув танқислиги юзага келади. Натижада баргларда сўлиш, ўсишнинг секинлашиши, новдаларнинг қуриши ва оғир ҳолатларда кўчатнинг нобуд бўлиши кузатилади.
Иккинчи муҳим масала — ўсимлик турининг нотўғри танланиши. Баъзан муайян дарахт тури ташқи кўриниши, манзаравийлиги ёки тез ўсиши учун танланади. Аммо унинг тупроқ шўрланишига, юқори ҳароратга, қишки совуқларга ва сув танқислигига муносабати етарлича ҳисобга олинмайди.
Учинчи омил — экилаётган кўчатнинг сифати. Илдиз тизими яхши шаклланмаган, кўчатхонадан олиб келиш жараёнида илдизлари қуриб қолган ёки механик шикастланган кўчатнинг тутиб кетиши қийинлашади. Шунингдек, кўчатнинг нотўғри чуқурликда экилиши, илдиз бўғзининг тупроқ билан кўмилиши, тупроқнинг зичлашиши ва меъёридан ортиқ суғориш ҳам салбий натижа беради.
Бу ерда кўпчилик эътибор бермайдиган бир ҳолат бор. Дарахт фақат сув етишмаслигидан эмас, балки ортиқча намликдан ҳам зарар кўради. Тупроқда сув узоқ вақт тўпланиб қолса, илдиз тизимининг нафас олиши қийинлашади. Бу эса илдизларнинг заифлашиши ва чириш жараёнларига шароит яратади.
Яна бир жиддий омил — касаллик ва зараркунандалар. Дарахтлар турли замбуруғ касалликлари, пўстлоқхўр ҳашаротлар ва бошқа зарарли организмлар таъсирида заифлашиши мумкин. Айниқса, сув танқислиги ёки бошқа ноқулай шароитлар таъсирида кучсизланган дарахтларда айрим зараркунандаларнинг зарари кучаяди.
Биз учун дарахтнинг ташқи кўринишига баҳо беришнинг ўзи етарли эмас. Унинг танаси, шохлари, пўстлоғи, барглари, илдиз бўғзи ва умумий физиологик ҳолати ҳам ўрганилиши керак.
Тошкент Ботаника боғининг илмий-тадқиқот дастурида ҳам дарахт ва буталарнинг сақланиб қолмаслик сабабларини аниқлаш, игнабаргли каби дарахтларда учрайдиган замбуруғ касалликларини ўрганиш ва уларга қарши кураш усулларини ишлаб чиқиш йўналишлари белгиланган. Бу ишлардан кўзланган мақсад фақат касалликни қайд этиш эмас. Балки ўсимликнинг нима сабабдан заифлашганини аниқлаш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган амалий тавсиялар тайёрлашдир.
Мен бу ерда яна бир масалани алоҳида таъкидлаган бўлардим. Кўчат экишдан олдин унинг кейинги тақдири ҳақида ўйлаш керак.
Масалан, муайян ҳудудга минг туп кўчат экиш режалаштирилса, аввало, шу майдонда сув манбаи борми, кўчатларни ким суғоради, ким парваришлайди, қуриб қолган ёки касалланган дарахтларни ким назорат қилади — шу саволларга жавоб бўлиши лозим. Энг асосийси, экилган кўчатлар сони билан бир қаторда уларнинг биринчи, учинчи ва бешинчи йилдаги сақланиш даражасини ҳам баҳолаш керак. Чунки кўкаламзорлаштиришнинг ҳақиқий самараси кўчат экилган кунда эмас, балки у бир неча йилдан кейин соғлом дарахтга айланганида намоён бўлади.
Айрим ҳудудларда иқлим ва тупроққа мос келмайдиган дарахтлар экилаётгани айтилмоқда. Ўсимлик турини танлашда олимлар қайси жиҳатларга энг аввало эътибор бериши керак?
—Дарахт турини танлашда биринчи навбатда унинг биологик хусусиятлари билан ҳудуднинг экологик шароити ўртасидаги мувофиқликни баҳолаш керак. Ҳар бир турнинг ўз экологик талаби мавжуд. Бир тур юқори ҳароратга яхши чидаши мумкин, лекин тупроқ шўрланишига сезгир бўлади. Бошқа бир тур қурғоқчиликка чидамли бўлса-да, қишки паст ҳарорат таъсирида зарарланиши мумкин. Шунинг учун ўсимлик танлашда фақат ёзги иссиққа чидамлиликни ҳисобга олиш етарли эмас. Қишки совуқлар, тупроқнинг механик таркиби, шўрланиш даражаси, ерости сувлари сатҳи, ёғингарчилик ва суғориш имконияти ҳам ўрганилиши зарур.
Масалан, писта ва бодомнинг айрим турлари яхши дренажланган адир ва тоғолди минтақалари учун истиқболли ҳисобланади. Саксовул ва қандим каби ўсимликлар эса чўл шароитида муҳим экологик вазифаларни бажаради.
Шаҳарларда вазият бироз бошқача. Бу ерда дарахт нафақат яшаб қолиши, балки соя бериши, ҳаво муҳитини яхшилаши, эстетик кўринишга эга бўлиши ва инфратузилмага зарар етказмаслиги ҳам керак. Йирик дарахт танланаётганда унинг 15–20 йилдан кейинги баландлиги, шох-шаббасининг кенглиги ва илдиз тизимининг тарқалиши ҳисобга олинмаса, кейинчалик бинолар, электр тармоқлари ёки ерости коммуникациялари билан боғлиқ муаммолар келиб чиқиши мумкин. Шу нуқтаи назардан дендрологик тадқиқотларнинг амалий аҳамияти катта.
Бизда Тошкент Ботаника боғининг илмий-тадқиқот дастури доирасида шаҳарнинг турли туманларида кўкаламзорлаштиришда фойдаланилаётган дарахт ва буталарни ўрганиш белгиланган. Бунда дарахт ва буталарнинг тур таркибини аниқлаш, уларни оила, туркум ва турлар кесимида таҳлил қилиш, таксацион кўрсаткичлари, санитар ҳолати, касаллик ва зараркунандалар билан зарарланишини ўрганиш муҳим ўрин тутади.
Бундай тадқиқотларнинг зарурати шундаки, битта дарахт тури шаҳарнинг икки хил ҳудудида турлича ривожланиши мумкин.
Масалан, суғориш имконияти яхши, тупроқ қатлами етарли ва очиқ майдонда ўсаётган дарахт билан транспорт ҳаракати юқори бўлган, тупроғи зичлашган кўча бўйидаги худди шу турга мансуб дарахтнинг ҳолати бир хил бўлмаслиги мумкин.
Тадқиқотларда дарахтнинг баландлиги, танасининг диаметри, шох-шаббаси, ҳаётий ҳолати ва зарарланиш белгиларини баҳолаш, олинган маълумотларни электрон базага киритиш ҳамда географик ахборот тизимлари ёрдамида таҳлил қилиш имкониятлари мавжуд.
Бундай маълумотлар асосида шаҳарнинг турли ҳудудлари учун истиқболли дарахт ва буталарни танлаш, мавжуд дарахтларни сақлаш ҳамда кўкаламзорлаштиришда йўл қўйилаётган хатоларни камайтириш мумкин.
Бундан ташқари, Ботаника боғи коллекцияларида узоқ йиллар давомида ўстирилаётган маҳаллий ва хорижий турларнинг интродукция натижалари ҳам муҳим илмий манба ҳисобланади. Чунки интродукция жараёнида ўсимликнинг янги муҳитга мослашиши, ўсиш ва ривожланиш хусусиятлари, гуллаши, мева бериши, қишки совуқ ва ёзги иссиққа муносабати баҳоланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги Фармонида ҳам ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб кўчат экиш муддатларини районлаштириш, тупроқ шароитига мос, сувсизлик, шўрланиш, иссиқ ва совуққа чидамли турларни белгилаш вазифаси қўйилган. Бу жуда муҳим масала. Чунки республика бўйича ҳамма жойга бир хил дарахт экишдан кўра, ҳар бир ҳудуднинг экологик хусусиятларига мос ассортиментни шакллантириш анча самарали натижа беради.
(Давоми бор)
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.