Сайёр қабул: муаммолар жойида ўрганилиб, ечимлар белгиланди
Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти томонидан Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида фуқаролар мурожаатларини жойида ўрганиш ва уларга тезкор ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Бюро раҳбарияти қабулини сўраб қилинган мурожаатлар юзасидан ҳудудларга чиқиб, фуқароларни жойида қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини бевосита ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навбатдаги сайёр қабул давомида алимент ундириш, мулкий ва номулкий масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди.
Жумладан, Нарпай туманидаги ундирувчи С. Комилова қарздор Ш. Қучкаров томонидан алимент тўловлари ўз вақтида амалга оширилмаётганини билдириб, мавжуд қарздорликни ундиришда амалий ёрдам сўради.

Мурожаат жойидаёқ назоратга олиниб, масъул давлат ижрочиларига тегишли топшириқлар берилди. Олиб борилган тезкор ижро ҳаракатлари натижасида қарздордан 23 130 000 сўм алимент қарздорлиги тўлиқ ундирилиб, ундирувчи фойдасига йўналтирилиши таъминланди.
Мазкур натижа аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, айниқса, вояга етмаган болалар таъминоти билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг амалий ифодасидир.
Бюро раҳбарияти томонидан бундай сайёр қабулларнинг ҳудудларда мунтазам ташкил этилиши фуқароларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш, мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов
ЎзА