Мукофотлар топширилди
Навоий вилояти ҳокимлигида мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг фармонларига мувофиқ ўзларининг муносиб меҳнатлари учун Ватанимизнинг юксак мукофотлари, орден ва медалларига сазовор бўлган бир гуруҳ ҳамюртларимизга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов халқ хўжалигининг барча соҳаларини ривожлантириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш, миллий қадрият ва анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
Тадбирда давлатимизнинг юксак мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Шундай юксак эътирофга сазовор бўлганлардан бири – “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Марказий кон бошқармаси директори Отабек Мустакимов. Унинг мамлакат саноати равнақи, хусусан, кончилик соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони билан тақдирланди.
– Камтарона меҳнатим юқори баҳоланиб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” деган фахрий унвонга сазовор бўлдим. Бунинг учун, албатта, Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди Отабек Мустакимов. – Бу мукофот ортида нафақат Марказий кон бошқармаси, балки Навоий кон-металлургия комбинатининг кўп минг сонли меҳнаткашлари, ишчи-ходимларининг залворли ва заҳматли меҳнати ётибди. Бу эътироф бизга, шахсан менга ҳам келгусида амалга ошириладиган ишлар, белгиланган параметрларга эришиш ва юксак кўрсаткичларни таъминлашда янги куч-қувват, ташаббусларга қанот бағишлайди. Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда саноатни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Навоий кон-металлургия комбинати каби йирик корхоналарнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Комбинатимизда охирги ўн йилда амалга оширилган ишларни оддий сўз билан таърифлаш жуда қийин. Янги конларни ўзлаштириш, янги қайта ишлаш қувватларини қуриб, ишга тушириш борасида катта ишлар қилинди. Ауминзо-Амантой кони, Мурунтов конининг бешинчи навбати, унинг биринчи ва иккинчи босқичлари шулар жумласидандир. Янги конларни ўзлаштириш бу фақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш эмас. Бу янги инфратузилма, янги иш ўринлари, замонавий технологиялар, малакали кадрларга бўлган талаб ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятининг янада юксалиши демакдир.
Комбинатда 3-гидрометаллургия заводининг мустақилликнинг дастлабки йилларида барпо этилиб, ишга туширилгани, кейинчалик 4-гидрометаллургия заводининг фаолияти йўлга қўйилгани, сўнгги йилларда эса 5-, 6- ва 7-гидрометаллургия заводларининг ишга туширилиши ишлаб чиқариш салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди.
Бугунги саноат тараққиёти фақат ишлаб чиқариш ҳажми билан ўлчанмайди. Замонавий корхона, аввало, ресурслардан оқилона фойдаланиши, меҳнат унумдорлигини ошириши, экологик талабларга амал қилиши, ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиши билан баҳоланади.
Шу маънода, Навоий кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган йирик инвестицион ва модернизация лойиҳалари мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт”, ресурс тежамкор технологиялар ва экологик барқарор ишлаб чиқариш тамойилларини кенг жорий этиш билан ҳамоҳангдир.
Энг муҳими, корхонадаги ҳар бир янги ишлаб чиқариш қуввати ортида инсон меҳнати ва унинг салоҳияти турибди. Кончи, муҳандис, технолог, энергетик, механик, оператор ва бошқа кўплаб касб эгалари ўз меҳнати билан улкан саноат мажмуасининг барқарор ишлашини таъминламоқда.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/31084]
Тадбирда бир гуруҳ юртдошларимизга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари ҳам топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари