Саудия Арабистони ва БАА Эронга қарши урушга қўшилиши мумкин (+видео)
The Wall Street Journal нашри 23 март куни АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчилари босқичма-босқич Эронга қарши урушга қўшилмоқда, деб хабар берди.
Унда айтилишича, Саудия Арабистони АҚШга ўз авиабазасидан фойдаланишга рухсат берган ва урушда иштирок этиш бўйича қарор қабул қилиш арафасида. Аввалига Саудия Арабистони ўз ҳаво ҳудудини Эронга қарши зарбалар учун бермаслигини айтган эди. Энди эса Саудиянинг сабри чеклангани ва Эрон ҳужумларига қарши ҳаракат қилиш вақти яқинлиги айтилади.
Бирлашган Араб Амирликлари эса Эронга қарши иқтисодий чораларни кучайтирди. Дубайда Эронга тегишли шифохона ва клуб ёпилди. Ҳукумат улар қонунга зид равишда Эрон манфаатларига хизмат қилганини билдирди.
БАА шунингдек, миллиардлаб долларлик Эрон активларини музлатишни кўриб чиқмоқда. Бу Эроннинг хорижий валюта ва жаҳон савдосига чиқиш имкониятини жиддий чеклаши мумкин.
Форс кўрфази давлатлари, айниқса Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШдан Эроннинг ҳарбий кучини тўлиқ йўқ қилишни талаб қилмоқда. Улар ўзлари ҳам жавоб чоралари кўришга мажбур бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Эроннинг Қатар, Саудия, Кувайт ва БААдаги энергетика объектларига қилган ҳужумлари вазиятни янада кескинлаштирди. Қатар буни миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолади.
Шуни қўшимча қилиш лозимки, The Wall Street Journal тарқатган хабарларни, Саудия ёки Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари очиқча тасдиқлагани йўқ. Бундай қарорлар одатда расмий баёнот билан эълон қилинади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UblG_QbU08g" title="Saudiya Arabistoni va BAA Eronga qarshi urushga qo‘shilishi mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА