Саркозининг “Маҳбус кундалиги” асари нашрдан чиқди (+видео)
Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози умрининг бор - йўғи уч ҳафтасини қамоқда ўтказган бўлсада, хотиралар ёзиб “Маҳбус кундалиги” номи билан нашр қилди. Нимагадир, бу асарни собиқ давлат раҳбарининг қудратли сиёсий қуролига айланди, дейишмоқда. Китоб Amazon платформаси орқали олдиндан буюртма қилиниб, сотилиши бўйича аллақачон биринчи ўринга чиққан, деб хабар берди Евроньюс.
Китоб сотувга чиққан куни Парижнинг нуфузли 16-туманидаги китоб дўкони олдида юзлаб одамлар дастхат олиш учун навбатда туришди. Айтишларича, бу шов-шувли ҳаракат ортида собиқ президентнинг пухта ўйланган стратегияси ётибди. Чунки, Франция тарихида собиқ президентнинг қамоққа олиниши ноёб ҳодиса. Саркози эса бу вазиятдан унумли фойдаланмоқда. Франциянинг собиқ етакчиси сентябрь ойида беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У 2007 йилги президентлик кампаниясини ноқонуний олинган маблағлар билан қўллаб-қувватлаганлиги учун маҳкамага тортилган эди. Саркози Париждаги Санте қамоқхонасида уч ҳафта ўтиргач, суд ишни аппеляция тартибида кўриб чиқаётгани учун уни шартли равишда озод этди. Ниҳоятда тез ёзилган бу китобда Саркози бир неча кунлик қамоқ таассуротлари билан чекланиб қолмаган. Жумладан, у Франциялик сиёсатчи Марин Ле Пен билан бўлган телефондаги суҳбатини эсга олади. Нима учун? Асл сабабларини изласангиз, асар негизида сиёсий мақсадлар ётибди. Масалан, Франциядаги нуфузли нашрлардан бирининг бош муҳаррири Арно Бенедеттининг айтишича, бу китоб оддий қамоқ хотиралари эмас. - Аслида бу гибрид асар… шу билан бирга асарни сиёсий баёнот, дейиш мумкин. Ҳақиқат шуки, унга нисбатан қанча жиноий иш очилганидан қатъи назар, Саркозининг сўзлари жамиятдаги сиёсий баҳсларда ҳали ҳам ўз салмоғига эга бўлиб қолаверади, – деган у.
Профессор Филипп Моро-Шевроленинг таъкидлашича, Саркозининг асосий мақсади аниқ, яъни, жамоатчилик фикри беқарор бўлган бир вазиятда воқеалар ривожини зудлик билан қўлга олиш.
- Китоб жуда қисқа муддатда тайёр бўлиши керак эди, чунки муҳокама доирасини французлар ўзлари белгилаб улгурмасидан аввал уни белгилаб қўйиш муҳим бўлган, - деб ёзди у.
Умуман, китобнинг ёзилиши, уни тезда нашр қилиш ва бошқа ҳаракатлар тасодифий эмас, деган фикрлар янграмоқда. Чунки, рўй бераётган воқеалар шунчаки, ўз-ўзидан юз берадиган ишлар эмас. Бу ҳаркатлар юзага келиши учун тўлиқ назорат керак. Масалан, қамоққа тушишидан олдин тарафдорларни сафарбар қилиш, Саркози камерага олиб кирган “Граф Монте-Кристо” романини рамзий аломат сифатида кўрсатиш ва озодликка чиққан заҳоти фаол ахборот стратегиясини йўлга қўйиш, шунчаки тасодиф эмас.
Аслида, Француз китоб бозорида сиёсатчилар томонидан ёзилган асарлар одатда яхши сотилмайди, аммо кўраётганингиздек, Николя Саркози бундан мустасно.
- Саркози қандай вазиятда бўлмасин, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган сиёсатчи. Уни қийин шароитларда ҳам тарк этмайдиган садоқатли мухлислари бор. Шунинг учун унинг шахси, тарихи ва шунингдек, фикрларини очиқ айта олиш услуби асарнинг муваффақиятига хизмат қилган,- деб ёзган Бош муҳаррир Арно Бенедетти.
Китобга бўлган улкан қизиқишнинг яна бир сабаби, унинг деярли беқиёс моҳиятида, дейишмоқда. Моҳият шундаки, Европа иттифоқи давлатлари раҳбарлари ёки Франция президенти қамоқ тажрибасини ҳали ҳеч қачон баён этмаган. Баъзилар, китобнинг шов-шув бўлганига сабаб, шунчаки президентнинг қамоқдаги ҳаёти қандай бўлганини билишга қизиқиш, дейишаётган бўлишса, айримлар асарнинг тўлиқ тижоратбоп табиатига урғу бериб, маркетинг нуқтаи назаридан маҳсулот самарали бўлган, деб ҳисоблашаяпти. Лекин, баъзи мутахассислар Саркозининг кўзлаган устувор мақсади суд иши атрофидаги медиа курашда ғолиб бўлиш, лекин, нашр муваффақияти ҳеч қачон сиёсий муваффақиятни кафолатламайди, - деб ёзишди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/L6Y42ZHATHQ" title="Sarkozining “Mahbus kundaligi” asari nashrdan chiqdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА