АҚШ Венесуэлага йўл очди
АҚШ Венесуэла раҳбари сифатида тан олинган Делси Родригесга нисбатан санкцияни бекор қилди. Бу қарор икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлаб бериши мумкин. Вашингтон шу тариқа Каракас билан иқтисодий ва сиёсий алоқани тиклашга интиляпти. Қолаверса, бу қадам халқаро бозорга ҳам таъсир ўтказиши, Венесуэланинг хориждаги активини қайта назорат қилиш имконини бериши мумкин. Айниқса, нефть соҳасига оид компания ва мулклар бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга. АҚШ томони Венесуэла нефтини сотиш бўйича келишув устида ҳам иш олиб боряпти. Бу мамлакат иқтисодиётини тиклашга хизмат қилади.
АҚШ март ойида Родригесни расман давлат раҳбари сифатида тан олган. Шундан кейин ўзаро элчихоналарни қайта очиш ва иқтисодий алоқани кенгайтириш имконияти пайдо бўлди. Родригес бу қарорни муносабатларни мувофиқлаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади. У янада кенг ҳамкорликка умид билдирмоқда.
Ҳозирча чеклов тўлиқ бекор қилингани йўқ. Аввалги ҳукуматнинг айрим амалдорлари ҳамон санкция остида. Демак, жараён босқичма-босқич давом этади. Экспертлар фикрича, бу қарор эҳтиёткор, шу билан бирга стратегик қадам.
Мусулмон Зиё, ЎзА