Сарҳисоб: кўмир саноатида натижалар ва янги вазифалар
"Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятида 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбеккўмир” АЖ бош директори Нодирбек Дусматов жамиятнинг жорий йил биринчи ярим йиллигида амалга оширган ишлари, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида маълумот берди. Бугунги кунда мамлакатимизда энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётгани кўмир саноати олдига қатор муҳим вазифаларни қўймоқда. Кўмир нафақат аҳолини, балки иқтисодиётнинг қатор тармоқларини ёқилғи билан таъминлашда муҳим ресурслардан бири ҳисобланади.
Шу боис тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бир қаторда маҳсулот сифатини таъминлаш, истеъмолчиларга кўмирни ўз вақтида етказиб бериш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ўзбеккўмир” АЖнинг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолиятига назар ташланса, асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича барқарор натижалар қайд этилганини кўриш мумкин.
Ҳисобот даврида кон юзасини очиш ишлари 14,8 миллион куб метрни ташкил этиб, белгиланган прогноз кўрсаткичи юз фоиз бажарилди. Шу даврда 2 миллион 202,5 минг тонна кўмир қазиб чиқарилди. Истеъмолчиларга етказиб берилган кўмир ҳажми эса 2 миллион 885,5 минг тоннани ташкил этди. Натижада мазкур йўналишда белгиланган прогноз кўрсаткичи 107,1 фоизга бажарилди.
Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга ресурслардан оқилона ва тежамкор фойдаланишга ҳам эътибор кучайтирилмоқда. Ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида ҳисобот даврида 409,9 тонна дизель ёқилғиси тежалди. Бунинг ҳисобига қарийб 6 миллиард сўм иқтисодий самарага эришилди. Бу каби кўрсаткичлар корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда харажатларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилаётганидан далолат беради.
Соҳада замонавий бошқарув усулларини жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва маълумотлар алмашинувини тезлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, MyCoal.uz электрон платформаси, автоматлаштирилган диспетчерлик тизими, ASKUE ва бошқа ахборот тизимларидан фойдаланиш кўлами кенгайтирилмоқда. Рақамли технологияларни ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига кенг жорий этилиши маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, иш жараёнларини янада шаффоф ташкил этиш, назоратни кучайтириш ва бошқарув қарорларининг самарадорлигини ошириш имконини бермоқда.
Ишлаб чиқаришнинг барқарорлиги, аввало, малакали кадрларга боғлиқ. Шу мақсадда жамиятда ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини мунтазам оширишга эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 263 нафар ходим малака ошириш курсларида иштирок этди.
Матбуот анжуманида жамият фаолиятида очиқлик ва жамоатчилик билан мулоқотни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Ҳисобот даврида жамиятга 262 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 85,8 фоизи ижобий ҳал этилган. Жамият фаолиятига оид маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжуманлари ва брифинглар ташкил этилмоқда. Расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда ҳам корхона фаолияти, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва соҳадаги янгиликларга оид ахборотлар мунтазам берилмоқда.
Шунингдек, кўмир саноатида бозор тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш билан боғлиқ янгиликлар ҳам кенг муҳокама қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги тегишли қарори билан кўмир саноатида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари белгилангани таъкидланди.
Шу билан бирга, бозор механизмларига ўтиш “Ўзбеккўмир” АЖнинг аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир билан таъминлашдаги масъулияти камаяди, дегани эмас. Жамият зиммасида белгиланган ҳажмдаги кўмирни кафолатланган тарзда қазиб чиқариш ва етказиб бериш, маҳсулот сифатини таъминлаш, белгиланган муддатларда юклаб жўнатиш ҳамда зарур захираларни шакллантириш каби муҳим вазифалар сақланиб қолади.
Айни пайтда жамият олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш. Мавсумда республика бўйича 11 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш режалаштирилган бўлиб, шундан 7 миллион тоннаси “Ўзбеккўмир” АЖ ҳиссасига тўғри келади. Бу эса ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, махсус техника ва технологик ускуналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, зарур захираларни ўз вақтида шакллантириш, маҳсулот сифатини назорат қилиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш тизимини янада такомиллаштиришни талаб этади.
А.Мусаев, ЎзА