Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назорати кучайтирилмоқда
Бугун АОКАда ўтказилган матбуот анжумани Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси фаолиятига оид қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси бўйича амалга оширилган ишларга бағишланди.
Унда мазкур ташкилотнинг ўтган даврда атом энергетикаси, ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва назорат қилиш бўйича эришган натижаларига урғу берилди.
Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси ўринбосари Сардорбек Ёқуббеков қуйидагиларни маълум қилди:
– Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Ер қаъридан фойдаланиш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинган.
Мазкур фармонлар билан қўмитага бир қатор устувор вазифалар юклатилди. Хусусан, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларининг фойдаланишдаги хавфсизлик талабларини қайта кўриб чиқиш, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро стандартлар ва талабларни миллий қонунчиликка жорий этиш, саноат хавфсизлигини таъминлашда масофадан назорат қилиш механизмини жорий этиш, хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш кабилар шулар жумласидан.
[gallery-22703]
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2024 йилда қўмита томонидан жами 49 та топшириқ ижроси таъминланган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу 47 тани ташкил этган. Ўтган қисқа давр мобайнида қўмита иштирокида фаолият ва соҳа йўналишларини тартибга солувчи 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. 607 та текширув ўтказилиб, 9 минг 435 та қоидабузарлик аниқланган. 656 нафар ишчига нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
Шуниндек, мамлакатимиздаги 4 минг 427 та кўп қаватли уйда 11 минг 428 та лифт ва 148 та маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционлар хатловдан ўтказилиб, улардаги мавжуд қурилмалар хавфсизлиги текширилди. Унга кўра, 899 та текшириш далолатномалари расмийлаштирилди, 2 862 маротаба саноат, радиация ва ядро хавфсизлигига оид меъёрий-ҳужжатлар талаблари бузилгани аниқланди. Бу ҳолатларни бартараф этиш бўйича 747 та ёзма кўрсатма, 121 та маълумотнома расмийлаштирилди.
Ҳар бир соҳа ривожи кадрлар тажрибасига боғлиқ. Жойларда саноат корхоналарида фаолият олиб бораётган 30 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимнинг саноат, радиация ва ядро хавфсизлигига оид билими синовдан ўтказилди. 3 минг 600 нафар инженер-техник ҳодимни қайта тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Соҳани рақамлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ижтимоий соҳадаги хавфсизликни рақамлаштириш борасида “xavfsiz attraksion” платформаси яратилди. Республикадаги мавжуд маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг ягона реестри шакллантирилди. Айни кунларда соҳага сунъий интеллектга асосланган дастурий ишланмаларни кенг жорий қилиш бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда ягона экотизим ишлаб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, атом электр станцияси қурилиши босқичларини инобатга олган ҳолда 2025-2026 йиллар давомида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги 40 та норма ва қоидалар ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.
Таъкидлаш керакки, қўмита халқаро ва хорижий ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятига тааллуқли бўлган атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, кимёвий, бактериологик (биологик) ва заҳарли қурол-яроғни тақиқлаш, кимёвий, биологик, радиологик ва ядро материалларининг таъсири хавфини пасайтириш бўйича халқаро шартномалар доирасида Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаб келмоқда.
Н.Зиёдуллаева, О.Пардаев (сурат), ЎзА