Европа куни: Тошкентда Европа Иттифоқи фестивали тантанали нишонланди
Бугун пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Европа Иттифоқи фестивали ўтказилди.
Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижий меҳмонлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар сўзга чиқиб, Европа кунининг ташкил этилиши ва унинг ҳамкорлик, бирдамлик ҳамда умуминсоний қадриятларни ифодалашини таъкидлади.
Европа куни муносабати билан ташкил этилган фестиваль иштирокчилар учун чинакам имкониятлар майдонига айланди. Унда Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонда молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳалар гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини илгари суриш, фуқаролик жамияти, “Erasmus+” таълим дастурлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш каби муҳим йўналишларни қамраб олди. Яқинда Тошкентда ўз офисини очган Европа инвестиция банки фаолиятига бағишланган алоҳида стенд ҳам ташкил этилди.
Элчи Тойво Клаар қайд этганидек, Европа Иттифоқи ғоясининг 1950 йилларда асос солиниши бугун ҳам катта аҳамиятга эга тарихий воқелик сифатида нишонланмоқда.
– Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон жамоатчилигига Европа Иттифоқининг бой маданий ва иқтисодий салоҳияти, унинг кўп сонли аъзо давлатлари ҳамда амалга оширилаётган кенг кўламли фаолиятини намойиш этиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Бугунги кунда Европа Иттифоқи Ўзбекистонда турли йўналишларда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, инвестициялар жалб этиш, таълим соҳасини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Бу жараёнларда Европа инвестиция банки ва “Erasmus+” каби дастурларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан ҳамкорликни изчил ривожлантириб, турли соҳаларда қўшма ташаббусларни амалга оширмоқда. Ушбу тадбир туфайли нафақат умумий лойиҳалар, балки аъзо давлатлар томонидан олиб борилаётган фаолиятлар ҳам кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Умуман олганда, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги иштироки изчил ва фаол тус олган. Бугунги тадбирда иштирок этаётган инсонлар сонининг кўплиги эса мазкур ҳамкорликка бўлган қизиқиш ва ишонч юқори эканини яққол намоён этмоқда, – деди Тойво Клаар.
Шунингдек, фестиваль доирасида викториналар ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Тошкентдаги Гёте институти ходими Сайёра Абдусатторованинг таъкидлашича, Европа куни тадбирлари жуда қизиқарли ва ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.
– Бугун Гёте институти Европа кунлари доирасида ўз имкониятларини кенг қамровда тақдим этди. Унда Германиядаги олий ва касбий таълим имкониятлари, талабалар учун мавжуд грант ва стипендия дастурлари, тил ўрганиш курслари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, “Ausbildung” Германияда кенг тарқалган касбий тайёргарлик тизими бўлиб, у назарий билимлар билан бир қаторда амалий тажрибани ҳам уйғунлаштиришга қаратилган. Ушбу тизим ёшларга таълим жараёнидаёқ ишлаб чиқариш муҳитига мослашиш, мутахассислик бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадр сифатида камол топиш имконини беради. Гёте институти тадбир иштирокчиси сифатида ўзининг таълимий дастурлари, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва хорижда ўқиш имкониятларини ёшларга намойиш қилди. Бу эса иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, улар учун янги истиқбол эшикларини очиб бермоқда, – деди С.Абдусатторова.
[gallery-29165]
Европа куни муносабати билан 1 май куни ташкил этилган расмий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА