Саноат корхоналарида халқаро стандартлар жорий этилиши жадаллашмоқда
Фарғона вилоятида маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда саноат корхоналарига амалий кўмак бериш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи Азамат Абдураҳмонов ҳудудда бўлди. Ташриф давомида Инспекция раҳбари “WANGAS” МЧЖ ҳамда “JIUHUI ENERGY RABEE” МЧЖ корхоналари фаолияти ва янги инвестицион лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувларда корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари, модернизация жараёнлари ҳамда экспорт салоҳияти атрофлича кўздан кечирилди.
Асосий эътибор тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган техник масалаларни жойида ҳал этиш ҳамда маҳсулотлар сифатини халқаро стандартларга мослаштиришга қаратилди.


Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–25-сон Фармони мазмун-моҳияти, унда белгиланган имтиёз ва имкониятлар тушунтириб ўтилди.

Мулоқотлар чоғида маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш кўламини кенгайтириш, замонавий сифат инфратузилмаси талабларига риоя этиш ва халқаро стандартларни самарали жорий қилиш бўйича муҳим таклифлар муҳокама қилинди. Ташриф якунида тадбиркорларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатилди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА