Маълумотлар маркази: талабаларга кўмак
Андижон вилоятида олий ўқув юртлари талабаларини ётоқхона, турар-жой билан таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда вилоятдаги 11 та давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида қарийб 60 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Бугунги кунда уларнинг 10 минг нафарга яқини олий ўқув юртларига қарашли талабалар турар жойларида истиқомат қилади. Бир қанча талабалар эса институтларга яқин ҳудудлардаги хонадонларда ижара асосида яшаб келади. Уларнинг маълум қисмига олий ўқув юртлари томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан ижара пулларининг 50 фоизи тўлаб берилмоқда.


Ҳозирда Андижон давлат тиббиёт институтида 11 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Талабаларнинг аксарияти институт тасарруфидаги 5 та талабалар ётоқхонасида истиқомат қилади. Ўтказилган ўрганишлар давомида бугунги кунга келиб, 1 минг 862 нафар институт талабасининг ётоқхона ва ижара хонадонга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди.
Ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, хусусан, янги ўқув йили олдидан институт талабалари ҳамда шу йил ўқишга қабул қилинадиган ёшларнинг турар жой билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишларига кўмаклашиш мақсадида “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази” фаолияти йўлга қўйилди.


Эндиликда талабалар институт ётоқхонасидан турар жой олиш ёки ўзларига қулай ҳудудлардан ижара хонадон топишда марказ хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлди.
Марказ айни кунларда белгиланган тартибда иш олиб бормоқда, талабаларга таклиф этилаётган ижара хонадонлари, умуман, ижара масалалари бўйича зарур маълумот, таклиф ва тавсиялар берилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.