Саноат корхоналарида сайёр ўрганишлар ўтказилди
Бош прокурор ўринбосари Д.Касимов, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари А.Акбаров ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Тошкент ва Самарқанд вилоятларида жойлашган алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ўрганилди.
Сайёр тадбирлар давомида корхоналарнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт-импорт имкониятлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган долзарб масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

Ўрганишлар давомида лицензия талаб ва шартлари асосида фаолиятни самарали ташкил этиш, белгиланган ишлаб чиқариш қувватларининг бажарилиши ҳамда соҳада замонавий рақамли технологиялардан унумли фойдаланиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида акциз маркаларини олиш жараёнида муайян техник муаммолар мавжудлиги аниқланди ва ушбу масала жойида тезкорлик билан бартараф этилиб, тадбиркорнинг узлуксиз ишлаши таъминланди.


Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда ушбу соҳада жами 17 585 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бормоқда. Шундан 4 таси тамаки, 6 таси спирт, 36 таси алкоголь ҳамда 25 таси пиво маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шунингдек, 427 та корхона улгуржи савдо, 17 093 таси эса чакана савдо йўналишида банд. Тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш ва юртимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
ЎзА