“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” аниқланди
Бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, болаларга сифатли таълим-тарбия бериш ҳамда замонавий педагогик ёндашувларни амалиётга кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида фаолият юритаётган фидойи ижодкор педагогларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи юқори савияда ўтказилди.
Мазкур танлов мактабгача таълим соҳасида меҳнат қилаётган педагогларнинг касбий маҳорати, ижодий салоҳияти ва инновацион ёндашувларини намоён этиш учун муҳим майдонга айланди. Беллашувларда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган энг илғор, ташаббускор ҳамда ўз касбига садоқатли педагоглар иштирок этиб, ўз билим ва тажрибаларини намойиш этди.

Танлов учта муҳим шарт асосида ташкил қилиниб, иштирокчиларнинг касбий билим ва кўникмалари, болалар билан ишлашдаги педагогик маҳорати, замонавий таълим технологияларини қўллаш даражаси ҳамда ижодий ёндашувлари ҳакамлар ҳайъати томонидан атрофлича баҳоланди. Айниқса, иштирокчиларнинг болалар қалбига йўл топиш маҳорати, таълим жараёнида инновацион усуллардан фойдаланиш ва миллий қадриятларни тарбия жараёнига сингдириш борасидаги тажрибалари юқори эътироф этилди.

Якуний натижаларга кўра, “Энг намунали директор ўринбосари” номинациясида Ромитан туманидаги 29-ДМТТ директори ўринбосари Дилноза Қудратова, “Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи” номинациясида Ғиждувон туманидаги 66-ДМТТ тарбиячиси Ойниса Обидова, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи” номинациясида Шофиркон туманидаги 26-ДМТТ тарбиячиси Гулчирой Жабборова, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи” номинациясида Вобкент туманидаги 11-ДМТТ тарбиячиси Нодира Хўжаева, “Рақамли ва инновасион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи” номинациясида Ромитан туманидаги 20-ДМТТ тарбиячиси Шаҳноза Зокирова, “Маънавий қадриятлар тарбиячиси” номинациясида Жондор туманидаги 10-ДМТТ тарбиячиси Махсума Раҳмонова, “Ўйин орқали болаларни ривожлантирувчи ижодкор тарбиячи” номинациясида Ромитан туманидаги “Эшова Хуршида Ҳакимовна” оилавий МТТ тарбиячиси Хуршида Эшова, “Энг намунали тарбиячи” номинациясида Когон шаҳридаги “Анисаой” оилавий МТТ тарбиячиси Фирюза Эргашевалар ғолиб деб топилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу танлов нафақат педагогларнинг билим ва маҳоратини синовдан ўтказди, балки улар ўртасида тажриба алмашиш, илғор методикаларни оммалаштириш ва таълим сифатини янада оширишга хизмат қилди. Айниқса, болаларни замонавий билимлар билан бир қаторда миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги ёндашувлар барчада катта қизиқиш уйғотди.

Эндиликда вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган ушбу педагоглар республика босқичида Бухоро вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилади.
Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда тақдирланиб, уларнинг таълим тизими ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси, фидокорона меҳнати ва изланишлари алоҳида эътироф этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири