Самарқандни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси маъқулланди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг бугун ўтказилган навбатдаги сессиясида Самарқанд вилоятини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Дастлаб, сессияда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигининг директори ўринбосари Абдулла Абдуқодиров мазкур лойиҳа ва унда белгиланган вазифалар ҳақида маълумот берди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида республикамизнинг барча ҳудудлари, жумладан, Самарқанд вилояти учун 2030 йилгача мўлжалланган ҳудудий тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд вилоятини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрланди, – деди А.Абдуқодиров. – Мазкур ҳужжат “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳудудий давоми бўлиб, унда умуммиллий мақсадлар Самарқанд вилоятининг иқтисодий, ижтимоий, демографик, тарихий ва табиий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда аниқ кўрсаткичлар, устувор йўналишлар ва манзилли лойиҳалар билан бойитилган. Стратегия лойиҳасида белгиланган вазифалар амалга оширилиши натижасида 2030 йилга бориб вилоят иқтисодиёти янги сифат босқичига кўтарилади. Хусусан, биринчи – иқтисодий ривожланиш, камбағалликни қисқартириш ва юқори даромадли бандликни таъминлаш йўналишида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ҳозирги 10,1 миллиард доллардан 20,5 миллиард АҚШ долларига, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулоти 3,6 минг доллардан 5,3 минг долларга етказилади. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга оширилиб, 115 триллион сўмга, хизматлар ҳажми ҳам 2 баравар кўпайтирилиб, 150 триллион сўмга, қурилиш ишлари ҳажми 1,9 бараварга оширилиб, 36,9 триллион сўмга етказилади. Камбағалликка мутлақ барҳам берилиб, ишсизлик даражаси 4 фоизга қисқартирилади, аҳоли даромадлари ва меҳнат унумдорлиги оширилади. Экспорт салоҳияти ва хизматлар экспортини ривожлантиришга қаратилган иккинчи йўналиш бўйича экспортчи корхоналар сонини 630 тадан 720 тага, йиллик экспорт ҳажмини 3,5 миллиард АҚШ долларига етказиш ва экспорт географиясини 120 тагача давлатга кенгайтириш белгиланган.
Учинчи йўналиш – инвестицияларни жалб этиш ва саноатни ҳудудлар бўйича диверсификация қилиш юзасидан вилоятга 2030 йилга қадар 4,8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий сармоя жалб қилиниб, саноат ишлаб чиқариш ҳудудлар кесимида мутаносиб тарзда жойлаштирилади. Нарпай, Каттақўрғон, Пастдарғом, Иштихон ва Қўшработ туманларида инфратузилмаси тайёр янги саноат зоналари шакллантирилади. Хусусан, Каттақўрғон саноат зонасида автомобилсозлик ва эҳтиёт қисмлар кластери ривожлантирилади, Нарпайда юқори технологик саноат, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенгайтирилади.
Туризмни юқори даромадли хизматлар иқтисодиётига айлантириш йўналишида хорижий сайёҳлар сонини ҳозирги 3,5 миллиондан 7 миллион, маҳаллий сайёҳлар сони 7,5 миллиондан 15 миллион нафарга етказиб, туризмнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини икки баробар ошириш кўзда тутилган. Бунда туристларнинг вилоятда қолиш муддатини 4 кунгача узайтириш, меҳмонхона ўринлари сонини 25500 тага, туризм кластерлари сони 2 тага ҳамда туризм экспорти 1,5 миллиард долларга етказилади.
[gallery-30618]
“Самарқанд – 3 кунлик тажриба” туристик пакети ишлаб чиқилади ва зиёрат туризми “Имом Бухорий – Имом Мотуридий – Шоҳи Зинда” йўналиши орқали халқаро бозорга чиқарилади. “Регистон – Афросиёб – гастрономия – ҳунармандчилик” маршрути ягона туристик маҳсулотга айлантирилади. Ургут, Самарқанд ва Нуробод туманларининг тоғли ҳудудларида рекреация зоналари ташкил этилади, рақамли чипта, QR-гид, кўп тилли аудиогид ҳамда сунъий интеллектга асосланган туристик оқимни бошқариш тизимлари йўлга қўйилади.
Шунингдек, стратегия лойиҳасида “Қишлоқ хўжалиги, сув самарадорлиги ва агросаноат”, “Инфратузилма, урбанизация ва “Кенгайтирилган Самарқанд” модели”, “Инсон капитали, таълим ва соғлиқни сақлаш”, “Экология ва “яшил иқтисодиёт” йўналишларида ҳам устувор вазифалар белгиланган.
Қайд этилишича, стратегия “мақсад – ҳаракат – натижа” занжири асосида қурилган. Ҳар бир мақсад бўйича таъсир (impact), ҳар бир вазифа бўйича натижа (outcome) ва ҳар бир чора-тадбир бўйича бевосита фаолият натижаси (output) кўрсаткичлари, молиялаштириш ҳажми ва манбалари ҳамда масъул ижрочилар аниқ белгилаб қўйилган. Ҳар бир туман учун муаммолар, ривожланиш драйверлари, инвестиция лойиҳалари портфели ва инфратузилма эҳтиёжларини қамраб олувчи “ҳудудий паспорт” ишлаб чиқилади.
Стратегия ижроси стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси ҳамда “Ijro.gov.uz” тизими орқали мониторинг қилинади. 2028 йилда стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда оралиқ баҳолаш, 2031 йилнинг биринчи чорагида эса якуний баҳолаш ўтказилади. Шунингдек, ҳар йили мустақил тадқиқотлар ўтказилиб, натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
Депутатлар белгиланаётган вазифалар юзасидан ўз фикрлари, таклифларини билдирди ва Самарқанд вилоятини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳаси маъқулланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари