«BETER BEST» МЧЖ қурилиш майдонида ер ўпирилди
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган «BETER BEST» МЧЖ қурилиш объекти ҳудудида ер қопламасининг қисман чўкиши ва ўпирилиши кузатилди. Мазкур ҳолат акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Яккасарой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса ҳудуддаги канализация тармоғида юзага келган техник носозлик оқибатида содир бўлган. Носозлик туфайли қувурга шикаст етган ва бу ер қопламасининг қисман чўкиши ҳамда ўпирилишига сабаб бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Айни вақтда вазият тўлиқ назоратга олинган. Ҳодиса жойида шаҳар ва туман мутасаддилари, тегишли коммунал хизматлар ҳамда масъул ташкилотлар вакиллари томонидан тезкор ўрганиш ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини атрофлича ўрганмоқда. Шунингдек, носозликни бартараф этиш, ҳудудни тўлиқ хавфсиз ҳолатга келтириш ҳамда келгусида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ўрганиш ишлари якунлангач, ҳодиса юзасидан қўшимча расмий маълумот жамоатчиликка тақдим этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА