Самарқандда талабалар халқаро олимпиадаси
Самарқанд давлат тиббиёт университетида тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг V халқаро олимпиадаси бўлиб ўтди.
Университет ташаббуси билан беш йилдан буён анъанавий ўтказилаётган бу йилги олимпиадада Германия, Россия, Туркия, Озарбайжон, Малайзия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби йигирмага яқин давлатнинг юздан зиёд университет ва институтларида таҳсил олаётган 730 нафардан ортиқ талаба оффлайн ҳамда 4000 нафарга яқини онлайн форматда иштирок этди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Ж.Ризаевнинг қайд этишича, мазкур беллашув талабалар билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш баробарида, жаҳоннинг қатор тиббиёт олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкмлашга замин яратади.
Халқаро олимпиада қатнашчилар тиббиётнинг 40 дан ортиқ йўналиши бўйича тест синовлари ва амалий кўникмаларини намойиш этиш орқали беллашдилар. Шунингдек, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи 7-авлод симуляция роботлари орқали ўз кўникмаларини синовдан ўтказдилар.
[gallery-20869]
Олимпиада доирасида юртимиздаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва хорижий тиббиёт коллежлари ўқувчилари ўртасида ҳам халқаро олимпиада ташкил қилинди.
Тадбирлар доирасида талабалар учун чет эллик ва ўзбекистонлик етакчи мутахассислар томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ҳамда бошқа долзарб масалаларга бағишланган семинарлар, маҳорат дарслари ўтказилди.
Олимпиаданинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирок этган ва номинация бўйича ғолиб деб топилган иштирокчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Олимпиада доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети билан яқин ҳамкорликда фаолият юритаётган ҳамда ўз салоҳияти билан намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ хорижий давлат олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларига Самарқанд давлат тиббиёт университетининг “Фахрий профессори” унвони топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари