Самарқандда Аҳмад Яссавий мақбарасига доир кўргазма
Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Самовий кошинлар сири” кўргазмаси ўтказилди.
Қозоғистоннинг Самарқанддаги Бош консуллиги ҳамда Ҳазрати Султон миллий музей-қўриқхонаси томонидан ташкил этилган кўргазмада Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбарасининг эпиграфик безаклари ва ноёб экспонатлар намойиш этилди.

Соҳибқирон Амир Темур раҳбарлиги ва ҳомийлигида бунёд этилган Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси Туркистон шаҳридаги ўрта аср меъморчилигининг бетакрор ёдгорлиги ҳисобланади. Сўфийлик тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавий шарафига бунёд этилган мақбара ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Қозоғистондаги биринчи объектдир.

Кўргазманинг очилишида Қозоғистоннинг Самарқанддаги Бош консули Талгат Шарипов, Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари ва фаоллар, музейшунослар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Аҳмад Яссавий мақбарасидаги ҳикматлар ва эпиграфик безаклар фақат бадиий жиҳатдан эмас, балки инсонни тафаккурга чорлайдиган, уни маънавий камолот сари етаклайдиган муҳим манбалар, – дейди Қозоғистондаги Ҳазрати Султон миллий музей-қўриқхонаси директори ўринбосари Аҳмед Сисенбай. – Ушбу ёдгорлик туркий халқларнинг умумий тарихий илдизлари ва маданий муштараклигини яққол намоён этади. Бу эса халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлайди. Шу боис бу бебаҳо меросни биргаликда ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш ишларини давом эттиришимиз зарур.

Кўргазма доирасида султон саройининг кўриниши, мақбара қурилишида ишлатилган ғиштнинг асл намунаси, Соҳибқирон томонидан саройга ҳадя қилинган туғнинг нусхаси ва бошқа ноёб экспонатлар намойиш этилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари