Самарқанд давлат техника университети ташкил этилади
Бу давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 май куни қабул қилинган “Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотларининг мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни халқаро стандартларга мувофиқ қоплаш мақсадида қабул қилинган қарор билан Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этиладиган бўлди.
Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали Самарқанд давлат университетига, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига қўшилиши белгиланди.

Самарқанд давлат университети Ургут филиали эса Самарқанд давлат педагогика институтига қўшиб олинган ҳолда мазкур филиал базасида институтнинг Ургут факультети фаолияти йўлга қўйилади.
– Вилоятимиздаги олий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, ҳудудда муҳандислик, ахборот технологиялари, педагогика ва иқтисодиёт соҳалари бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган олий маълумотли мутахассислар тайёрлашни янада ривожлантириш мазкур қарорнинг асосий мақсади ҳисобланади, – дейди Самарқанд давлат педагогика институти ректори, профессор Шаҳзода Негматова. – Аслида, ушбу қарорни кейинги ўн йилда мамлакатимиз олий таълим тизимида, хусусан, Самарқанд вилоятида бу борада олиб борилаётган ишларнинг навбатдаги босқичини белгилаб берган ҳужжат дейиш мумкин. Чунки ўн йил аввал вилоятда битта университет, бешта институт, битта филиал фаолият кўрсатган бўлса, бугунга келиб олий ўқув юртлари сони йигирмага яқинлашиб қолди. Янги университет ва институтлар ташкил этилди, хориждаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари фаолияти йўлга қўйилди, бир нечта хусусий олий ўқув юртлари очилди. Бизнинг институтимиз ҳам дастлаб Самарқанд давлат университети педагогика факультети негизида ташкил этилиб, ўтган йилдан бошлаб мустақил олий таълим муассасаси сифатида фаолиятини давом эттириб келмоқда. Демоқчиманки, тизимдаги ислоҳотлар давомида олий таълим муассасалари фаолияти такомиллашиб, кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга эътибор ошиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ҳам айни жиҳатдан жуда аҳамиятлидир. Чунки эндиликда мактаблар битирувчиларининг олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи 50 фоизга етди, яъни қабул квоталарида деярли муаммо йўқ. Бу борада олий таълим муассасаларига кўплаб ваколатлар берилди, эҳтиёждан келиб чиқиб, қабул ўринларини мустақил белгилаш мумкин. Энди асосий масала билимли мутахассислар тайёрлашда. Шу жиҳатдан, Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали бизнинг институтимизга қўшилиши ушбу муассасада тайёрланаётган педагог кадрларнинг соҳанинг етук мутахассислари бўлишига эътибор дейиш мумкин. Сабаби олий таълим тизимидаги кейинги ўзгаришлар натижасида Самарқанд давлат университети ўқув дастурларида фундаментал билимлар бериш асосий устувор йўналиш бўлиб қолди, педагогика бўйича фанлар кескин қисқарди. Бизнинг институт эса тўлиқ педагогик йўналишда бўлиб, асосий эътибор мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги муассасалар учун бугунги кун талабларига мос кадрлар тайёрлашга қаратилади. Эндиликда институтимизнинг Ургут факультети ўқув дастурларини ҳам янги ўқув йилига қадар қайта кўриб чиқиб, тўлиқ педагогик йўналишига мос фанларни киритамиз.
Қарорда Самарқанд давлат университети Ургут филиалининг педагогика ва тилларни ўқитиш факультети талабалари ўқишини Самарқанд давлат педагогика институти Ургут факультетида, бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультети талабалари эса Самарқанд давлат университетида давом эттириши белгиланган. Лекин бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультетининг 2025-2026 ўқув йилида таҳсил олаётган талабаларига ўқишини тугатгунга қадар Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети биносида таълим олиш имконияти яратилиши белгиланган.
Қарорнинг эътиборли жиҳатларидан яна бири олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги олдига 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда вилоятдаги олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан профессор-ўқитувчилар ҳамда докторантлари хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига малака ошириш, илмий стажировкага юборилишини таъминлаш вазифаси қўйилган. 2027-2028 ўқув йилидан бошлаб эса Самарқанд давлат техника университетида интеллектуал сув технологиялари илғор муҳандислик мактаби фаолиятини ташкил этиш белгиланган.
Бундан ташқари, ҳудуддаги саноат корхоналарининг эҳтиёжларига мувофиқ босқичма-босқич муҳандислик ва ишлаб чиқариш технологиялари соҳалари бўйича янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Ўз навбатида Самарқанд вилояти ҳокимлигига олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда соҳа хусусиятидан келиб чиқиб, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат техника университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда ҳудуддаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида саноат ҳамкорлиги ўрнатилишига кўмаклашиш вазифаси топширилди. Бу орқали илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлга қўйилади, илмий тадқиқотлар ўтказиш, талабалар ва ёш олимларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш буюртмаларини шакллантириш, таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга оид ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилади.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири