Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ижобий самараси
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида 2025-2026 ўқув йилининг якунлари ва янги ўқув йилига тайёргарлик юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасида 2025-2026 ўқув йили давомида таълим тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бериб, ўқувчиларнинг республика ва халқаро миқёсдаги ютуқлари, таълим муассасалари инфратузилмасининг ривожланиши ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим натижаларга эришилди.
2025-2026 ўқув йилида асосий фан олимпиадасининг IV Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикасидан 60 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўқувчилар халқаро олимпиадаларда ҳам юқори натижаларни кўрсатди. III Халқаро математика олимпиадасида (Ашхобод, Туркманистон) Хўжайли тумани 26-мактаб ўқувчиси Мелс Сатимов кумуш медаль соҳиби бўлди. Европа қизлар информатика олимпиадасида (Италия) Нукус шаҳри 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Малика Хўжамуратова бронза медалини қўлга киритди. Осиё-Тинч океани минтақаси информатика олимпиадасида (APIO-2026) Нукус шаҳри Президент мактаби ўқувчиси Тимур Қодирбергенов бронза медали билан тақдирланди.
[gallery-29771]
Республикада жами 360 минг 697 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Улардан 27 минг 609 нафари мактаб битирувчи. Жорий йилда 338 нафар битирувчи олтин медаль, 98 нафар битирувчи кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, 375 нафар ўқувчи муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабаси бўлишга муваффақ бўлди.
2026 йил Инвестиция дастури доирасида таълим муассасаларини модернизация қилиш ишлари изчил давом этмоқда. Ҳозирда 31 та объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 249,6 миллиард сўм маблағ ажратилган. 22 та мактабда қўшимча 4 минг 24 та ўқувчи ўрни яратилади. 8 та мактабгача таълим муассасасида 585 та янги ўрин очилади. Педагогик маҳорат маркази капитал таъмирланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 1 минг 788 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. 3-7 ёшдаги болалар сони 154 минг 544 нафарни ташкил этса, уларнинг 129 минг 833 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Натижада қамров даражаси 84 фоизга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 фоизга ошди.
“Дастлабки ривожланиш марказлари” фаолияти босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. 2026 йилда ўтказилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2026” Республика танловида Тахиатош тумани 6-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Моҳинур Шукуруллаева биринчи ўринни эгаллаб, олий таълим муассасасига грант асосида ўқиш имкониятини қўлга киритди. Шунингдек, Хўжайли тумани 11-сонли мактабгача таълим ташкилоти директорининг ўринбосари Улзада Мамбетшарипова иккинчи ўрин соҳибаси бўлди.
2025-2026 ўқув йили Қорақалпоғистон таълим тизими учун юқори натижалар, халқаро эътирофлар ва кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан аҳамиятли бўлди. Ўқувчиларнинг фан, технология, спорт ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳаларидаги ютуқлари ҳамда таълим муассасаларида яратилаётган замонавий шароитлар келажак учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўтган ўқув йилининг якунлари ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.