“Саломатлик марафони” старт олди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган кенг қамровли “Саломатлик марафони” расман бошланди. Ташаббус нафақат тиббий кўриклар ўтказиш, балки аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва профилактика маданиятини шакллантиришга ҳам қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Марафон очилишида туман ҳокими ўринбосари Хуршид Челибаев, вилоят соғлиқни сақлаш тизими масъуллари, малакали шифокорлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбир давомида юрак-қон томир, эндокрин, асаб ва ҳазм қилиш тизими билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш чоралари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Марафон доирасида аҳоли учун скрининг ва профилактик кўриклар, лаборатор ва инструментал текширувлар — УЗИ, флюорография, қон таҳлиллари ва бошқа диагностика хизматлари йўлга қўйилди. Кардиолог, эндокринолог, невропатолог ва гинеколог каби мутахассислар бепул маслаҳатлар беришди. Шунингдек, замонавий мобил тиббий хизматлар орқали офтальмология, маммография ва лаборатория текширувлари ҳам йўлга қўйилди, бу эса чекка ва олис ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг ҳам тиббий хизматдан четда қолмаслигини таъминлади.


Шу куннинг ўзида туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган текширувлар ташкил этилди. Унда 561 нафар аҳоли вакиллари тиббий кўрикдан ўтди. Натижада 24 нафарда юрак-қон томир касалликлари, 12 нафарда эндокрин муаммолари, 24 нафарда асаб тизими билан боғлиқ муаммолар, 18 нафарда ҳазм қилиш тизими касалликлари ва 31 нафар аёлда саломатлик билан боғлиқ масалалар аниқланди. Барча беморларга индивидуал тавсиялар берилди ва даволаниш жараёнлари назоратга олинди.
Хавф даражаси юқори бўлган 5 нафар фуқаро вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўналтирилди, 187 нафар эса туман тиббиёт бирлашмасининг стационар ва амбулатор бўлимларида даволанишга қабул қилинди.


— Бундай профилактик тадбирлар бир кунлик акция эмас, балки йил давомида изчил амалга оширилади, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдурашид Раҳмонбердиев. Унинг фикрича, кенг тарқалаётган касалликларнинг асосий сабаби камҳаракатлик, нотўғри овқатланиш ва саломатликка бефарқ муносабатдир. Шу боис, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни рағбатлантириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Маҳаллаларда оммавий юришлар, саломатлик акциялари ва маърифий учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Аҳолига зарарли одатлар ва носоғлом овқат маҳсулотлари салбий таъсири ҳақида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
“Саломатлик марафони” аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қиладиган муҳим ижтимоий-амалий ташаббус сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Бу саъй-ҳаракатлар орқали жамиятда “соғлом инсон — соғлом жамият” тамойили мустаҳкамланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири