Абдуқодир Ҳусанов «Брайтон»га қарши баҳсда ҳам эътибор марказида бўлди
Англия Премьер-лигасининг 9-турида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Брайтон» жамоасига қарши баҳс олиб борди. Учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Бироқ, «шаҳарликлар» мазкур баҳсда имкониятни бой берди.
«Этиҳад» стадионида кечган учрашув тақдирини Яссин Айяри томонидан 11-дақиқада киритилган ягона гол ҳал қилди — 0:1.
Жамоаси мағлубиятга учраган бўлса-да, Абдуқодир Ҳусанов ишончли ҳаракатлари билан алоҳида эътибор қозонди. Статистик маълумотларга ихтисослашган Flashscore портали ҳамюртимизнинг ўйинини 7,6 баллга баҳолади. Бу «Манчестер Сити» таркибидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди. Жамоада Жереми Доку 8,1 балл билан энг яхши натижани қайд этган бўлса, Эрлинг Ҳоланднинг ҳаракатлари 6,9 баллга баҳоланди.
SofaScore портали эса ўзбекистонлик футболчига 7,0 балл қўйди.
Ҳусановнинг мавсум давомидаги статистик кўрсаткичлари ҳам унинг ҳимоядаги самарадорлигини намоён этмоқда. SofaScore маълумотларига кўра, Абдуқодир жорий мавсумда АПЛ доирасида 373 дақиқа майдонда ҳаракат қилган. Бу вақт жамоа футболчилари орасида 12-кўрсаткич бўлса-да, ҳимоявий ҳаракатлар самарадорлиги бўйича ҳамюртимиз етакчилар сафида.
Жумладан, у рақибдан тўпни олиб қўйиш борасида 16 та муваффақиятли ҳаракатни амалга оширган. Бу кўрсаткич «Манчестер Сити» ҳимоячилари орасида энг юқори натижа ҳисобланади. Шунингдек, ҳар 90 дақиқада ўртача 7 та ҳимоявий ҳаракатни бажарган. Яккакурашлардаги ғалаба кўрсаткичи 72,2 фоизни, тўп узатишлар аниқлиги эса 94,4 фоизни ташкил этмоқда.
Қайд этиш жоиз, Абдуқодир Ҳусанов майдонда ўтказаётган вақти нисбатан чекланган бўлишига қарамай, берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, жамоа ҳимоясидаги муҳим футболчилардан бири эканини кўрсатмоқда.
«Манчестер Сити»нинг навбатдаги учрашуви УЕФА Чемпионлар лигаси доирасида Германияда «РБ Лейпциг»га қарши кечади. Учрашув 4 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА