Саксовулларнинг ноқонуний кесилиши чўл экотизимига катта зарар етказади
Чўл бағрида ўсадиган саксовул — табиатнинг бебаҳо бойлиги. У қумлар кўчишини камайтиради, тупроқни мустаҳкамлайди, чўл экотизимидаги экологик мувозанатни сақлашга хизмат қилади. Бироқ, бу табиий бойликка нисбатан беписанд муносабат, уни ноқонуний кесиш ва ташиш атроф-муҳитга зарар етказади. Бухоро вилоятида ўтказилган рейд тадбирлари давомида аниқланган икки ҳолат ҳам бу борадаги масъулиятни яна бир бор эслатади.
Бухоро вилояти Ромитан тумани Экология бўлими ҳамда Бухоро давлат ўрмон хўжалиги ходимлари иштирокида ўтказилган рейд давомида Газли шаҳрининг чўл ҳудудидан саксовулни ноқонуний равишда териб, давлат рақам белгисисиз ГАЗ-53 русумли юк автомашинасида олиб кетаётган фуқаролар тўхтатилди. Аниқланишича, улар Пешку туманида яшовчи фуқаролар бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисми билан 33 миллион сўм жарима қўлланилди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар миқдори 25 миллион сўм этиб белгиланди.
Саксовулни ноқонуний кесиш билан боғлиқ яна бир ҳолат Олот туманида аниқланди. Туман Экология ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари ўтказган рейд давомида “Қиртай” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Н.Н. ўзига тегишли УАЗ русумли автомашинасида саксовулни ноқонуний кесиб олиб кетаётган вақтда тўхтатилди.
Ушбу ҳуқуқбузарлик юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Табиатга етказилган зарар 15 миллион 400 минг сўм этиб белгиланди. Туман суди томонидан эса фуқарога 8 миллион 800 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Икки ҳолатда табиатга етказилган зарарнинг умумий миқдори 40 миллион 400 минг сўмни ташкил этади. Бироқ масаланинг моҳиятини фақат пул билан ўлчаб бўлмайди. Саксовулнинг ноқонуний кесилиши чўл экотизимининг муҳим таркибий қисмига зарар етказади. Қумларнинг кўчишини чеклаш ва тупроқни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутадиган бу ўсимликни асраш экологик барқарорлик учун зарур.
Табиатни муҳофаза қилиш фақат назорат тадбирлари ўтказиш ёки ҳуқуқбузарларга жарима қўллаш билангина чекланмайди. Бу аввало, ҳар бир инсоннинг экологик маданияти, қонунларга ҳурмати ва табиий бойликларга масъулиятли муносабати билан боғлиқ. Зеро, табиат бизга берилган омонат. Уни асраш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг ҳам, келажак авлодлар олдидаги масъулиятимизнинг ҳам муҳим талабидир. Буни унутишга эса асло ҳаққимиз йўқ.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири