Архив ишида янги давр: Рақамлаштириш ва сунъий интеллект
“Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев иштирокида янги жорий этилган "Архив иши ва иш юритишга оид ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш" давлат хизматини кўрсатишнинг янги тартиби юзасидан бирифинг бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2025 йил 24 ноябрдаги «Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан архив иши соҳасини рақамлаштириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида 2026 йил 10 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг 559-сон қарори қабул қилиниб, архив иши ва иш юритишга оид ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг ягона Маъмурий регламенти тасдиқланди.
Бу нима беради?
Аввало, шу пайтга қадар турли тартиб ва ёндашувлар асосида амалга оширилган жараёнлар энди ягона механизм асосида ташкил этилади. Қайси ҳужжат экспертизадан ўтказилиши, уни ким кўриб чиқиши, қанча муддатда хулоса берилиши ва хизмат учун қанча тўлов қилиниши аниқ белгилаб қўйилди.
Экспертизага, жумладан, сақлаш муддатлари кўрсатилган соҳавий ҳужжатлар рўйхатлари, иш юритиш бўйича йўриқномалар, ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси, идоравий архив тўғрисидаги низомлар, эксперт комиссиялари тўғрисидаги ҳужжатлар, доимий сақланадиган, алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар рўйхатлари ҳамда бошқа муҳим архив ҳужжатлари тақдим этилиши белгиланди.
Яна бир муҳим жиҳат - ташкилотдан Регламентда назарда тутилмаган қўшимча маълумот ёки ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Аризаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиш механизми белгиланди. Электрон шаклда ҳужжатлар Word ёки PDF форматда тақдим этилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда хизмат учун белгиланган тўловнинг 90 фоизи тўланиши назарда тутилган.
Шунингдек, экспертиза натижасида берилган хулоса ва билдиришномаларнинг электрон реестрини юритиш тартиби ҳам белгилаб қўйилди. Бу жараёнларнинг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз томонидан белгиланган рақамлаштириш вазифаларидан келиб чиқиб, энди асосий эътибор ушбу янги механизмни амалиётда тўлиқ ишга туширишга қаратилади.
Биринчи навбатда, Адлия вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан икки ой муддатда мазкур давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш имконияти яратилиши лозим.
Бунда фақат ариза юбориш эмас, балки мурожаатнинг ҳар бир босқичини электрон равишда кузатиш имконияти ҳам яратилади. Бунда ариза қаерда экани, қайси босқичда кўриб чиқилаётгани ва натижаси қандай бўлганини электрон тизим орқали кузатиш имкони пайдо бўлади. Бу, энг аввало, ортиқча қоғозбозлик ва идорама-идора юришларни қисқартиришга хизмат қилади.
Иккинчи муҳим вазифа - давлат органлари ва ташкилотларида архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини тайёрлаш сифатини ошириш. Чунки экспертиза жараёнининг рақамлаштирилиши фақат хизматни электрон шаклга ўтказиш дегани эмас. Энди ҳужжатларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги, уларни тўғри расмийлаштириш, сақлаш муддатларини аниқ белгилаш ва кейинчалик давлат архивларига сифатли қабул қилиш жараёни ҳам ягона ёндашув асосида олиб борилади.
Энг муҳим вазифалардан яна бири, 2027 йил 1 мартдан бошлаб архив иши ва иш юритишга оид ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этиш.
Гулноза Бобоева,
ЎзА