Руминияда 859 айиқни отишга рухсат берилди
Руминияда айиқлар аҳоли яшайдиган ҳудудларга кириб келиб, одамларга ҳужум қилиш ҳолати кўпайгани ортидан йиртқичлар сонини тартибга солишга қаратилган қонун кучга кирмоқда. Президент Никошор Дан имзолаган тегишли ҳужжатга кўра, йил охиригача 859 қўнғир айиқни охирги чора сифатида отишга рухсат берилди.
Шу йил 16 сентябрда парламент Қуйи палатаси томонидан қайта қабул қилинган қонунга кўра, инсон ҳаётига хавф туғдирган тақдирда муҳофаза остидаги яна 110 йирик ёввойи ҳайвонга нисбатан ҳам аралашув амалиёти қўлланиши мумкин. Мамлакат сўнгги йилларда айиқлар шаҳар ва қишлоқларга тез-тез кириб келиши билан юзма-юз келган. Тадқиқот Руминияда Европадаги энг йирик қўнғир айиқ кенг тарқалганини кўрсатган. Ковасна округида эса жорий йил дастлабки саккиз ойида аҳоли яшайдиган ҳудудларга айиқлар кириб келгани ҳақида қарийб 300 марта шошилинч қўнғироқ қайд этилган, икки ҳолатда йиртқичлар одамларга ҳужум қилган.
Белгиланган меъёрни бажариш учун вақт жуда кам қолган. Ковасна музофоти раҳбари Рэдуль Иштван маълум қилишича, округга ажратилган миқдор – 86 айиқдан ҳозиргача 30 таси отилган, қолганини белгиланган муддатда йўқ қилиш қийин. Қонун Президент томонидан аввал конституциявий асосда эътироз билдирилиб, парламентга қайтарилган. Конституциявий суд эса эътирозни рад этган. Ҳужжат ташаббускорларидан бири Танчош Барна айиқ ҳаддан зиёд кўпайиб кетишини чеклаш учун зарур квотани ошириш лозимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, илмий тадқиқот популяцияни самарали назорат қилиш учун кенгроқ чоралар зарурлигини кўрсатган. Хавфли айиқларни зудлик билан йўқ қилиш эса муаммони ҳал эта олмайди.
Мусулмон Зиё, ЎзА