АҚШ вице-президенти Эронга мактуб йўллади (+видео)
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Эрон билан дипломатик музокарани тиклаш мақсадида мамлакат Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳсин Ризоийга мактуб йўллаган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, ушбу хат орқали Вашингтон ва Теҳрон ўртасида келишувга эришиш имкониятини аниқлашга ҳаракат қилинган. Асосий мақсад – Президент Дональд Трампни яқин ҳафталарда Эронга қарши қисқа, аммо кучли ҳарбий зарба бериш бўйича якуний қарор қабул қилиш фикридан қайтариш.
Вэнс АҚШ Эрон билан тинчлик музокарасини бошлаш учун, аввало, Ислом Республикасининг ядровий дастури масаласини муҳокама қилиш зарурлигини билдирган. Ҳозирча икки томон аниқ тинчлик келишуви шартини эмас, балки мулоқот бошлаш имкониятини муҳокама қиляпти.
Эрон томони Вашингтон билан музокара ўтказиш учун аввал асосий талаб бажарилиши кераклигини билдирмоқда. Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳсин Ризоий мамлакат бусиз келишиб бўлмаслигини айтган.
Трамп ўтган ҳафта Вашингтон Теҳрон билан мулоқот қилмаётганини таъкидлаб, ҳарбий ҳаракатга тез орада киришилиши мумкинлигини истисно этмаган. У Вэнснинг Эрон билан алоқалари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, суҳбат асосан оғир аҳволдаги инсонлар учун тиббий ускуна етказиб бериш мавзусига тааллуқлилигига эътибор қаратган.
“The Wall Street Journal” манбаларига кўра, Вэнс омма олдида Эронга қарши урушни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, шахсий суҳбатларда жангни узоқ давом эттириш заруратига шубҳа билдирган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий эса мамлакат дипломатияга имкон беришда давом этаётгани, фақат қуролли кучлар ҳар қандай эҳтимолий таҳдидга қарши туришга тайёр эканини таъкидлаган. Шу билан бирга Теҳроннинг ядровий масалада ён бериш нияти йўқлигини ҳам қўшимча қилган.
АҚШда Конгрессга оралиқ сайлов яқинлашгани сайин ҳарбий амалиёт қайталаниши билан боғлиқ хавотир кучаймоқда. Дипломатик манбалар эса Трамп ҳали янги зарбалар бериш бўйича якуний қарорга келмаганини таъкидламоқда.
Умуман, Вашингтон ва Теҳрон дипломатик мулоқотни тиклашга уриняпти. АҚШнинг ядровий дастур бўйича талаби, Эроннинг ўз шартларидан чекинмаслиги ва ҳарбий ҳужум эҳтимоли музокара муваффақиятли якунланишига тўсқинлик қилмоқда. Минтақадаги давлатлар эса можаро янада кенгайишининг олдини олиш учун воситачилик ҳаракатини кучайтирган.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА