Россия – Украина низоси: қисқа сулҳдан кейин
Россия ва Украина ўртасида 9-11 май кунлари амал қилган қисқа муддатли сулҳ тугагач, фронт ва дипломатик майдондаги фаоллик яна кескинлашди.
DW хабарига кўра, муваққат тинчлик вақти якунлангандан кейин Россия Украина ҳудудига яна оммавий дрон ва ракета ҳужумини амалга оширган. Киев маъмурияти зарбалар пойтахт, Харьков каби йирик минтақалардаги инфратузилма объектларига қаратилганини айтган. Расмийлар сулҳ даврида ҳам фронтда тўқнашув тўлиқ тўхтамаганини таъкидламоқда.
Сиёсий жиҳатдан эътиборли жиҳати шундаки, бу сулҳ тўлиқ келишув эмас, балки қисқа гуманитар танаффус сифатида баҳоланмоқда. Турли халқаро манбаларда қайд этилишича, ҳар икки томон бир-бирини битимни бузишда айблаган.
“The Economist” таҳлили ҳам уруш суръатида муайян ўзгариш кузатилаётганини кўрсатди. Нашр ёзишича, сўнгги уч йилда биринчи марта ташаббус қисман Украина томонига ўтаётгандек тасаввур пайдо бўлмоқда. Айни хулосага русларнинг баҳорги ҳужуми кутилган натижа бермагани, айрим ҳудудларда РФ кучлари ўз назоратидаги манзилларни йўқотгани асос қилиб келтирилган.
Қолаверса, Киевнинг узоқ масофага учадиган дрон ҳужуми алоҳида қайд этилмоқда. Айрим ғарб кузатув марказлари Украина дрони Россия ичкарисидаги нефть объектлари ва логистика тармоғига зарба бериши ортидан Москвага иқтисодий ва ҳарбий босим кучайганини ёзмоқда.
Бир гуруҳ экспертлар ҳали уруш тақдирини ҳал қилувчи бурилиш тўғрисида гапиришга эрта эканини таъкидламоқда. РФ ҳануз улкан ресурс ва сафарбарлик имкониятига эгалиги, фронтда жадаллик сақланаётгани қайд этилган.
Европа Иттифоқининг янги чеклови можаронинг гуманитар жиҳатини яна кун тартибига олиб чиқди. ЕИ украиналик болаларни мажбурий кўчириш ва ассимиляция қилиш жараёнига алоқадор деб ҳисобланган россиялик 16 шахс ва 7 ташкилотга қарши санкция жорий қилди. Европа Кенгаши баёнотида русларнинг бундай ҳаракати ноқонуний депортация ва мажбурий ассимиляция сифатида таърифланган.
Дипломатик фронтда яна бир қизиқ ташаббус Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига томонидан илгари сурилди. “Politico” нашри ёзишича, Киев Европа давлатлари воситачилигида аэропортлар бўйича сулҳ формати, яъни фуқаролик авиацияси объектларига ҳужумни вақтинча тўхтатиш ғоясини муҳокама қилмоқда. Мазкур ғоя Украинада ҳаво қатновини қисман тиклаш ва иқтисодий ҳаётни жонлантириш мақсади билан боғланган.
Хуллас, вазият кўрсатяптики, уруш яна бир мураккаб босқичга кирмоқда. Бир томондан фронтдаги босим ва ҳужум давом этяпти. Иккинчи томондан Европа ва Ғарб давлатлари санкция, дипломатик ташаббус ва ҳарбий қўллаб-қувватлаш орқали жараёнга таъсир ўтказишга ҳаракат қиляпти.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА