Россия интернет фойдаланувчилари учун ёшни текширишни жорий қилиши мумкин
Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги вояга етмаган фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини ошириш мақсадида онлайн платформаларда ёшни текшириш механизмларини жорий этишни кўриб чиқмоқда.
Вазирлик раҳбари Максут Шадаев сўзларига кўра, рақамли тартибга солишнинг долзарб соҳаларидан бири ёшни текшириш воситаларини тўғридан-тўғри онлайн хизматларга интеграциялашдир. Унинг таъкидлашича, бир қатор Европа мамлакатлари аллақачон болаларни онлайн ҳимоя қилиш учун қаттиқроқ чекловларни жорий қилмоқда.
Экспертлар фикрича, ўлкада ёшни текшириш болаларни ноўрин контент ва рақамли муҳит хавфларидан самаралироқ ҳимоя қилишга ҳисса қўшиши мумкин. Шу билан бирга, улар бундай тизимларни жорий этиш билан боғлиқ бир қатор қийинчиликларни айтмоқда.
Буларга шахсий маълумотларни ҳимоя қилишни таъминлаш, маълумотлар сизиб кетишининг олдини олиш, инфратузилмани модернизация қилиш зарурати ва учинчи томон ҳисоблари орқали чекловларни четлаб ўтиш хавфи киради.
Бундан ташқари, россиялик фойдаланувчилар орасида машҳур бўлган баъзи рақамли платформалар чет элда рўйхатдан ўтган, бу эса ёшни текширишнинг талабларини амалга оширишни янада мураккаблаштириши мумкин.
Соҳа мутахассислари таъкидлашича, РФда фойдаланувчи ёшини текшириш тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш бир йилдан уч йилгача давом этади ва катта инвестицияларни талаб қилади.
Г.Сатторова, ЎзА