Россия фуқаролигини олиш тартиби кучайтирилди: янги талаб ва истиснолар
Россия фуқаролигини олиш истагидаги чет элликлар энди қатъий текширувдан ўтади. Президент Путин имзолаган янги фармон муҳим бир ҳужжатни мажбурий қилди.
Россия Президенти Владимир Путин хорижликлар учун Россия фуқаролигини олиш жараёнини тартибга солувчи янги фармонни имзолади. Унга кўра, энди фуқаролик учун ҳужжат топшираётган чет эл фуқароси ўз мамлакати ваколатли органи томонидан берилган судланмаганлик (ёки содир этилган жиноят бўйича чиқарилган ҳукм) тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишлари шарт бўлади. Мазкур ҳужжат амал қилиш муддати қатъий белгиланган бўлиб, у ариза топширилишидан узоғи билан уч ой олдин берилган бўлиши лозим. Аввалги қонунчиликда ҳам судланмаганлик ҳолати фуқароликни рад этишга асос бўлиши кўрсатилган бўлса-да, ушбу маълумотноманинг аниқ муддати белгилаб қўйилмаган эди. Янги тартибга кўра, фақатгина Украинадан Россияга кўчиб ўтган фуқаролар учун истисно жорий этилган. Улар 2028 йилнинг 1 январига қадар бу мажбуриятдан озод қилинадилар.
Қайд этилишича, мазкур ўзгариш Россия хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида амалга оширилмоқда. Зеро, аввалроқ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам судланиш тарихи бор мигрантлар мамлакат барқарорлигига жиддий хавф туғдиришини таъкидлаб, назоратни қатъийлаштириш зарурлигини қайд этган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА