Россия чегарасида янги тартиб...
Россия чегарасини кесиб ўтиш қоидаси ўзгарди: энди шахсий электрон қурилма чегара назоратидан ўтказилади.
Россия Федерацияси давлат чегарасидан ўтиш қоидасига киритилган сўнгги ўзгариш туфайли назорат тартиб сезиларли даражада кучайтирилди. Энди мамлакатга кираётган ёки РФдан чиқаётган фуқароларнинг шахсий буюмлари қатори смартфон, планшет ва ноутбук каби электрон қурилмалари ҳам текширилиши мумкин.
Агар чегара режими бузилаётгани ёки тақиқланган маълумот олиб ўтилаётгани ҳақида шубҳа туғилса, масъул ходим гаджетни тақдим этиш ва муайян маълумотни кўздан кечиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Талабга бўйин эгмаслик жиддий ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаради. Масалан, бунинг учун 5 000 дан 7 000 рублгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши белгиланди.
Расмийлар таъкидлашича, бундай чора террор, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда. Демак, РФ чегарасидан ўтаётган шахс ўз қурилмасидаги маълумотга нисбатан масъулиятли бўлиши ва қонунга бўйсуниши сўралади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА