РФ Мудофаа вазирлиги: Украинанинг 151 дрони уриб туширилди
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 11 октябрь соат 20:00 дан 12 октябрь соат 08:00 гача бўлган вақт оралиғида мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан Украинага тегишли 151 самолёт типидаги дрон йўқ қилинди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берган.
Ҳаво ҳужуми Белгород, Брянск, Калуга, Курск, Ростов, Смоленск, Тверь, Тула ва Ярославль вилоятлари, Москва области, Қрим ярим ороли ҳамда Қора денгиз акваторияси ҳудудида қайтарилган.
Шу билан бирга Россия ҳарбий идораси Украина эҳтиёжи учун фойдаланилган тўрт локомотивга “Герань” дрони орқали зарба берилганини маълум қилди. Ушбу ҳужум Одесса ва Кривой Рог шаҳарлари, шунингдек Днепропетровск вилояти Пятихатки аҳоли манзили ҳудудида амалга оширилган.
Бундан ташқари Украина порт инфратузилмасига зарба берилиши давом эттирилиб, тун давомида Одесса портига ҳарбий юк етказиб бераётган қуруқ юк ташувчи кемага шикаст етказилгани билдирилди. Ўз навбатида Белгород вилояти губернатори Александр Шуваев сутка давомида ҳудуд Украина томонидан 130 марта ҳужумга учраганини хабар қилди. Зарба 11 муниципал округга тўғри келган: 8 жойда 4 артиллерия отишмаси ва дрондан портловчи мослама ташланиши ҳолати қайд этилган.
24 соатда вилоят ҳудудида 92 ўзи учар учоқ уриб туширилган ва зарарсизлантирилган. Губернаторнинг сўзларига кўра, Валуй округида бир кун олдин юз берган ҳужум оқибатида бир эркак ҳалок бўлган. 6 киши, жумладан 13 ва 15 ёшли икки ўсмир жароҳат олган, жабрланганларнинг икки нафари касалхонага ётқизилган.
Калуга вилояти раҳбари Владислав Шапша 11 октябрь кечаси ва 12 октябрь тонгида 8 муниципал округ, Калуга ва Обнинск шаҳарлари атрофида жами 37 дрон йўқ қилинганини айтди. Дастлабки маълумотга кўра, ҳудудда жабрланганлар ва инфратузилмавий вайронгарчилик қайд этилмаган. Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарь эса Каменск ҳудудида тунги дрон ҳужуми муваффақиятли қайтарилгани, вайронгарчилик ҳамда жабрланганлар ҳақида маълумот тушмаганини билдирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА