Эрон ТИВ раҳбари: АҚШ ва Исроил ҳужуми атроф-муҳитга жиддий зарар етказди
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий Теҳронда бўлиб ўтган “Сукунатдаги ҳарбий жиноят: экоцид” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзга чиқиб, АҚШ ва Исроил томонидан мамлакат энергетика ҳамда нефть мажмуаларига берилган зарбалар оғир экологик оқибатга олиб келганини таъкидлади.
Мулозим фикрича, атроф-муҳитга етказилган бундай зарар оддий ҳарбий жиноят доирасидан чиқиб, табиатни қасддан вайрон қилиш “экоцид” сифатида баҳоланиши керак.
Арағчий табиат бутун инсониятнинг умумий бойлиги эканини эслатиб, сиёсий босим ўтказиш воситаси ёки қисқа муддатли ҳарбий ва иқтисодий манфаат қурбонига айланмаслиги лозимлигини қайд этди. Таъкидланишича, нефтни қайта ишлаш заводлари, энергетика инфратузилмаси ва халқаро ҳуқуққа кўра дахлсиз ҳисобланган ядровий объектларга қилинган ҳужум минтақага жиддий экологик таҳдид келтириб чиқарган.
Шунингдек, вазир Эрон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳамкорликка тайёрлиги, экологияга зарар етказган томонлар жавобгарликдан қочиб қутулмаслиги лозимлигини таъкидлади. У “музокара даврасида табиатнинг овози йўқ” эканини айтиб, атроф-муҳит масаласида иккиюзламачилик ва сиёсий манфаатга ўрин берилмаслиги зарурлигини билдирди. Сўзи якунида тинчлик, хавфсизлик, атроф-муҳит, инсон саломатлиги ва иқлим ўзгаришини ўзаро чамбарчас боғлиқ масалалар сифатида бир-биридан айри ҳолда кўриб чиқиш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА