Ахсикент Европа Иттифоқи делегацияси аъзоларида катта таассурот қолдирди
Тўрақўрғон туманида жойлашган, милоддан аввалги III асрга бориб тақаладиган Ахсикент ёдгорлигига ташриф меҳмонларнинг ҳайратига сабаб бўлди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар бошчилигидаги Греция, Финляндия, Руминия, Словакия, Латвия, Болгария, Испания ва Польша давлатларининг элчилари ҳамда дипломатик ваколатхоналари вакилларидан иборат делегация Наманганга ташрифи чоғида вилоятнинг тарихий масканлари – моддий-маданий мерос объектларида ҳам бўлди.

Қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири ҳисобланган, умумий майдони 139 гектар бўлган Ахсикент ёдгорлигида бугунги кунда Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва кўрсатмалари асосида тўққизта очиқ осмон музейи қурилмоқда. Ҳозирга қадар рамзий дарвоза, мудофа девори, экспонатлар музейи ва антик-майдонча битказилди.

Уч минг йиллик мозийдан садо берувчи ушбу тарихий қадамжода амалга оширилга ишлар Европа Иттифоқи делегацияси аъзоларида катта таассурот қолдирди. Дипломат Тойво Клаар Ахсикентнинг дунё тамаддунидаги ўрни алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Меҳмонларга ҳамроҳлик қилган Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Хондамир Охунбобоев йирик туризм маркази барпо этилаётган Ахсикентдаги мазкур мегалойиҳа ривожида халқаро ҳамкорлик жуда зарур эканлигини қайд қилди.

Шунингдек, Ахсикент археологик парки таркибидаги Янги Ахси мажмуасида сақланаётган 4 мингдан зиёд нодир китоблар, 10 мингга яқин артефактлар жамланган музейга ташриф ҳам конструктив мулоқотларга бой бўлди.

Ахсикент нафақат археотуризм ва очиқ осмон музейлари тармоғи, балки катта халқаро илмий тадқиқот марказига айланиши имкониятига эга эканлиги алоҳида айтиб ўтилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.