Реклама овози томошабинга ноқулайлик туғдирмаслиги керак
Рақобат қўмитасига телетомошабинлардан эфирда намойиш этиладиган айрим реклама блокларининг овози теледастурлар овозига нисбатан анча баланд экани юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Бундай ҳолатлар томоша қилиш жараёнида ноқулайлик туғдириши мумкин. Телерадиоэфирда реклама жойлаштиришда овоз даражасига нисбатан қонунчиликда аниқ талаблар белгиланган.
Хусусан, "Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, реклама ва реклама ҳақидаги анонс овозининг баландлиги реклама билан узиб қўйилган теледастур ёки телекўрсатув овозидан баланд бўлишига йўл қўйилмайди.
Рақобат қўмитаси мазкур талабларга риоя этилишини назорат қилиб боради. Зарур ҳолларда реклама овозининг белгиланган меъёрларга мувофиқлиги техник воситалар ёрдамида текширилади.
Қонунчилик талабларини бузган ҳолда реклама тарқатиш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис оммавий ахборот воситалари, телерадиоканаллар, реклама агентликлари ҳамда реклама тарқатувчилар, энг аввало томошабинлар манфаатларини инобатга олган ҳолда реклама материалларини эфирга узатишлари керак.
Н.Раҳмонова,
ЎзА