Болаларнинг таълим эҳтиёжлари индивидуал тартибда ўрганилмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳузурида навбатдаги психологик-тиббий-педагогик комиссия (ПТПК) кўриги ташкил этилди.
Кўрик давомида малакали мутахассислар томонидан ҳар бир боланинг саломатлиги, ривожланиш хусусиятлари ва индивидуал имкониятлари комплекс ўрганилиб, уларнинг алоҳида таълим эҳтиёжлари аниқланди.

Шунингдек, болаларнинг имкониятлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларни инклюзив таълим ёки бошқа мақбул таълим шаклларига йўналтириш масалалари кўриб чиқилди. Натижаларга кўра, ҳар бир бола учун тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Жумладан, болаларни ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларидаги инклюзив таълим шароитида ўқитиш, “Эрта аралашув” хизматларидан фойдаланиш, зарур ҳолларда эса уй шароитида парваришлаш хизматларига йўналтириш бўйича тавсиялар берилди.

– Ҳар бир боланинг эҳтиёжи алоҳида ёндашувни талаб қилади. Шу боис кўрик давомида болаларнинг имкониятлари ва таълимга бўлган эҳтиёжлари чуқур ўрганилди. Аниқланган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, улар тегишли хизматларга, жумладан, инклюзив боғча ҳамда ихтисослаштирилган боғчаларга йўналтирилди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов.
Бундай кўриклар ҳар бир боланинг индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим олиши, зарур ижтимоий ва педагогик хизматлардан фойдаланиши учун мақбул шароит яратишга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА