Регби-7 жамоалари “Талабалар лигаси” финалида баҳслашди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети спорт майдонида регби-7 бўйича ўтказилган “Талабалар лигаси” мусобақаларининг республика финал босқичи маҳоратли спортчиларни аниқлаш билан бирга, терма жамоага муносиб номзодларни саралаш вазифасини ўтади.
Қизиқарли баҳсларга бой турнирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан сараланган энг кучли олий таълим муассасалари жамоалари бош соврин учун ўзаро рақобатлашди.

Мусобақанинг республика босқичида 24 та жамоа, шундан 14 та эркаклар ҳамда 10 та аёллар жамоаси ғолиблик учун майдонга тушди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон регби федерацияси, Талабалар спорти ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилган мусобақалар якунига кўра, аёллар ўртасида Хоразм вилояти талаба-ёшлари, йигитлар ўртасида эса Тошкент шаҳри регбичилари бош совринни қўлга киритди.
Т.Рўзиев, ЎзА