Латофатли гимнастикачиларимизнинг улкан муваффақиятлари
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати якунланди. Қитъа биринчилигида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани 11 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали билан якунлади.
Ёшлар ўртасидаги баҳсларда жамоавий дастурда Ўзбекистон терма жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Шунингдек, Алисия Галати, Фарида Абдулова, Камилла Астанова, Орнелла Бикмаева, Сафия Пулатова ва Замира Хвалчевадан иборат гуруҳ 5 та тўп билан машқ дастурида олтин медалга сазовор бўлди.

Сабина Кагирова тўп билан машқ дастурида, Анора Мамаджанова эса булава билан машқларда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Катталар баҳсларида ҳам юртдошларимиз устунликни намоён этди. Жамоавий дастурда Ўзбекистон терма жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, Мумтозабону Исҳоқзода, Эвелина Атальянц, Амалия Мамедова, Ясмина Мкртчиева, Тамила Зиганшина ва Юлия Валеватаядан иборат жамоа гуруҳли кўпкураш машқларида олтин медални қўлга киритди.

Мусобақанинг ҳақиқий қаҳрамонларидан бири Тахмина Икромова бўлди. У яккалик кўпкураш дастурида ғолиб чиққан ҳолда, ҳалқа, тўп, булава ва тасма билан финал машқларида ҳам олтин медалларни қўлга киритди.
Ясмина Зуфарова ёшлар ўртасида тасма билан машқ дастурида кумуш медалга эга чиққан бўлса, Наталья Усова катталар баҳсида тасма билан машқларда кумуш, яккалик кўпкураш ҳамда булава билан машқ дастурларида бронза медалларини қўлга киритди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатини 15 та медаль билан якунлаб, қитъадаги етакчи жамоалардан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА