Рақобат қўмитаси тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги муаммоларни маълум қилди
Рақобат қўмитасига 2026 йил бошидан буён тиббиёт хизматлари ва фармацевтика соҳаси бўйича 900 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб икки баравар кўпдир.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниб, қайтарилди.
Қўмита таҳлилларига кўра, бугунги кунда хусусий тиббий хизматлар кўрсатиш тартибининг ягона ва очиқ шаклланмагани, косметология соҳасида тиббий ҳамда жарроҳлик амалиётларини бажаришда айрим ходимлар томонидан малака талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, косметологик муолажаларда қўлланилаётган баъзи тиббий буюмлар ва препаратларнинг давлат рўйхатидан ўтмагани, хусусий клиникаларда ЭКО муолажалари бўйича истеъмолчиларга етарли ва тушунарли маълумот берилмаётгани қайт этилган. Шунингдек, муолажаларнинг эҳтимолий оқибатлари ҳамда ўзига хос жиҳатлари беморларга олдиндан тўлиқ тушунтирилмаётгани энг асосий муаммолар сифатида аниқланган.
Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда тасдиқланган режа-жадвал асосида «сирли мижоз» тадбирлари ўтказилмоқда. Бу орқали тиббиёт хизматлари ва фармацевтика соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олди олиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Рақобат қўмитаси фуқароларга тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ҳуқуқлари бузилган ҳолларда Қўмитага мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб, ҳар бир мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш юзасидан зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА