Нукусда “Янги кун” хизмати йўлга қўйилди
Нукус шаҳридаги “Қурилишчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Sog‘lom hayot” масъулияти чекланган жамияти асосчиси, тадбиркор Гулмира Қаллибекова томонидан “Янги кун” кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати йўлга қўйилди.
Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларга тенг шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорларга кўра, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятга интеграциялашувига кўмаклашиш, проактив тарзда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда қулай муҳит яратиш механизмлари жорий этилмоқда.

Ана шундай саъй-ҳаракатлар ва ижобий ислоҳотлар натижасида, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 апрель кунги “Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 май кунги “Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат муассасаларини такомиллаштириш ва янги ижтимоий хизматларни ташкил этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида болаларнинг ривожланишида кузатиладиган нуқсонларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида комплекс ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, уларда ногиронликнинг олдини олиш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларнинг муваффақиятли ижтимоийлашувини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мўътадил, оғир ва чуқур даражадаги ақлий заифлик ёки деменция ташхиси қўйилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун оилавий муҳитга яқин шаклдаги “Янги кун” кундузги қатнов асосида уй шароитида қараб туриш, кичик ҳажмли “Мадад” уйлари, “Ижтимоий таътил” қисқа муддатли жойлаштириш хизматлари давлат-хусусий шериклик битими асосида нодавлат ташкилотлар томонидан кўрсатилиши белгиланган. Бундан кўзланган мақсад, ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик кўрсатиш ва қараб туриш, уларнинг эркин ҳаётга мослашиши ва жамиятга интеграциялашувига кўмаклашиш, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, уй хўжалигини юритиш, атрофдагилар билан мулоқот қилишга ўргатиш ҳамда меҳнат кўникмаларини ривожлантириш, индивидуал имконият ва эҳтиёжларига мос меҳнат фаолиятига жалб этишдан иборат.
Ҳозирда Нукус шаҳрида ташкил этилган ушбу хизматга 5 нафар ногиронлиги бўлган шахс қамраб олиниб, йил якунига қадар яна 15 нафар ногиронлиги бўлган шахс жалб қилинади. Келажакда ҳар бир туманда “Янги кун” кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматини йўлга қўйиш орқали жами 200 нафар ногиронлиги бўлган шахс қамраб олинади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири