Рақобат қўмитаси тадбиркорлардан мурожаат ва таклифларни қабул қилмоқда
Давлатимиз раҳбари топшириқлари ижросини таъминлаш, миллий брендларни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ривожлантириш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, Қўмита миллий бренд эгалари бўлган ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар фаолиятида учраётган тўсиқ ҳамда салбий ҳолатлар бўйича мурожаат ва таклифларни қабул қилмоқда.
Жумладан, тадбиркорлар маҳаллий маҳсулотларга нисбатан учраётган инсофсиз рақобат ҳолатлари – демпинг нархлар қўллаш, товар белгисини қалбакилаштириш, миллий брендни обрўсизлантириш ва нотўғри таққослаш, тижорат ёки фан-техника, ишлаб чиқариш ва савдога оид сирларни эгасининг розилигисиз олиш, фойдаланиш ҳамда ошкор этиш, шунингдек, товар ёки молия бозорига киришга тўсқинлик қилиш каби муаммолар юзасидан мурожаат қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, импортдан келтирилган контрафакт маҳсулотлар, фаолият юритишдаги турли бюрократик тўсиқлар, ички ва ташқи бозорларга чиқишдаги қийинчиликлар ҳамда соғлом рақобат муҳитини чеклаётган бошқа муаммолар бўйича ҳам мурожаатлар қабул қилинади.
Тадбиркорлар ўз мурожаат ва таклифларини Қўмитанинг расмий @rquzbot Телеграм боти орқали юборишлари мумкин.
Келиб тушган барча мурожаатлар Рақобат қўмитаси томонидан атрофлича ўрганилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилади.
ЎзА