Рақобат қўмитаси: биологик фаол қўшимчаларни (БАД) дори воситаси сифатида тарғиб қилиш мумкин эмас
Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар ҳамда минерал сувларни турли касалликларни даволаш воситаси сифатида тарғиб қилаётган рекламалар кўпаймоқда.
Айрим рекламаларда мазкур маҳсулотлар диабет, инсульт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония каби касалликларни даволашда самарали восита сифатида кўрсатилмоқда. Бу эса истеъмолчиларда маҳсулотнинг дори воситаси экани ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Ваколатли органлар хулосасига кўра, биологик фаол қўшимчаларнинг асосий вазифаси организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондиришдан иборат. Улар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган.
Шу сабабли биологик фаол қўшимчаларни даволовчи восита сифатида талқин қилиш ёки уларнинг шифобахш хусусиятларини бўрттириб кўрсатиш қонунчилик талабларига зид.
«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасида биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасига нисбатан қатор талаблар белгиланган.
Хусусан, бундай рекламаларда маҳсулот дори воситаси ёки даволаш хусусиятига эга деган таассурот уйғотиш, одамларнинг даволангани ёки соғлиғи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилиш, шунингдек, фуқароларнинг миннатдорчилиги ёки тавсияларидан фойдаланиш тақиқланади.
Бундан ташқари, реклама соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги, тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги маълумотлар орқали маҳсулотни дори воситаларидан устун қўйишга олиб келмаслиги керак.
Энг муҳими, биологик фаол қўшимчалар рекламаси ҳар бир ҳолатда «Ушбу маҳсулот дори воситаси эмас» мазмунидаги огоҳлантириш билан берилиши шарт.
Реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун белгиланган тартибда молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.
Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва реклама тарқатувчиларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга, истеъмолчиларни чалғитувчи, асоссиз ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА