Қўмита раиси Умида Абдуллаева: аёллар манфаатини ҳимоя қилмоқдамиз
Аёлларнинг меҳнат миграцияси долзарб масалалардан саналади. Бу борадаги масалаларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева уюшган меҳнат миграциясини ташкил этиш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда хориждан қайтган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Меҳнат мигрантлари бўлган хотин-қизлар билан мулоқот тизими яратилди, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий қилинди.
5 439 нафар хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган оғир ижтимоий ҳолатдаги аёлларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Узоқ муддатга яшаш жойидан чиқиб кетган аёллар ва уларнинг оилалари, хусусан вояга етмаган фарзандларини ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш мақсадида “Xotin-qizlar.uz” платформасида “Миграция” модули яратилди.
Туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари, хотин-қизлар фаоллари томонидан хорижда даромади кам бўлган, иш топишда қийналаётган, оғир ижтимоий вазиятдаги хотин-қизларни ватанга қайтариш бўйича мулоқот тизими йўлга қўйилди.
Натижада, хорижда ишлаш истагидаги хотин-қизларни 2026 йилда “Хавфсиз миграция” тамойили асосида 5336 нафари касб-ҳунар ва чет тилларга ўқитилди. Мисол учун, Россия Федерациясидан қайтарилган, Урганч шаҳри “Нурли хаёт” маҳалласи фуқароси Н.Шеровага тадбиркорлик ўқув марказини очишга кўмаклашилди
Миграциядаги аёлларнинг 26 624 нафардан ортиқ оила аъзоларига психологик, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, фарзандлари умумтаълим мактабларига йўналтирилди, 746 нафари мактабгача таълим ташкилотига, 10 136 нафарининг фарзандлари тўгаракларга жалб қилинди.
Бугунги кунга қадар 13 та хорижий ташкилот билан ҳамкорликда ташкил этилган касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курсларига хотин-қизлар жалб этилмоқда. Жумладан, Корея Республикасининг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган курсларда тикувчилик, гўзаллик индустрияси, хизмат кўрсатиш соҳаси ва корейс тили бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.
Швецариянинг “GLOBOGATE Recruiting GmbH” ташкилоти билан Андижон, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳрида, Германиянинг “Nova Agency” ташкилоти билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида, “Technoconsult” маркази билан Наманган, Фарғона, Андижон, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, “CBZ Munchen GmbH” маркази билан Тошкент ва Самарқанд шаҳрида, Япония билан Сирдарё, Наманган вилоятларда (“AOIKAI Yaponiya”, “Yume”) ўқувлар ташкил этиб келинмоқда.
Мазкур ўқувларда 15 мингдан зиёд хотин-қизлар иштирок этиб, хорижда қонуний иш ўринларига жойлаштирилди.
2024 йил 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий мамлакатларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик хотин-қизларнинг муаммоли масалаларини ҳал этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 590-сонли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, хорижий мамлакатларда оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ҳимоя қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари йўлга қўйилмоқда.
Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг хориждаги сайёр қабуллари ташкил этиб келинмоқда:
Жорий йилда ҳам хорижий давлатдаги мигрант аёллар билан учрашиб, муаммоларига ёрдам бериш, Ватанига қайтариш чоралари кўрилмоқда (Қозоғистон, Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони).
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 майдаги “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда оилавий маслаҳат хизматларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ масканлар фаолиятини йўлга қўйилди.
Мазкур масканларда ҳам Миграциядан қайтган хотин-қизлар билан ишлаш хонаси ва уларни Касб-ҳунар ва даромад топишга ўргатиш тизими ишга тушурилди.
2026 йилда меҳнат мигрантлари бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга ошириладиган вазифалар ҳам талайгина.
Биринчидан, кам даромад топаётган эҳтиёжманд хотин – қизларни ватанга қайтариб, уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий дафтарларга киритиш орқали даромад топишларига кўмаклашиш бўйича ишлар йўлга қўйилади ва қатъий назоратга олинади.
Иккинчидан, хориждаги меҳнат миграциясида бўлган хотин-қизларнинг онлайн ўқувларини ташкил этиш орқали уларга ҳуқуқий – психологик ёрдамларни кўрсатиш имкониятлари яратилади.
Учинчидан, Ўзбекистондан хорижга чиқиб, ишлаш истагидаги хотин-қизларга хорижий тиллар, касбий кўникмаларга эга бўлишлари учун ўқув курсларига йўналтирилади, маънавий – ахлоқий тушунчалар бериб борилади.
Тўртинчидан, илмий-тадқиқот институтлари билан биргаликда хотин-қизлар миграцияси бўйича таҳлил ва тадқиқотлар амалга оширилиб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ечимларни ишлаб чиқиш бўйича услубий қўлланма, ижтимоий видеороликлар тайёрланади.
Бешинчидан, меҳнат миграциясидан қайтган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини тиббий кўрикдан ўтказиш, эҳтиёжига кўра, ҳуқуқий, психологик ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Олтинчидан, халқаро ҳамкорлик доирасида меҳнат муҳожирларининг ижтимоий ҳолатлари доимий таҳлил қилиб борилади ҳамда дипломатик каналлар орқали доимий ёрдам бериш чоралари кўриб борилади.
Буларнинг барчаси ҳар қандай вазият ва шароитда аёлларнинг манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётганининг амалдаги ёрқин намунасидир.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.