Рақамли технологиялардан фойдаланишда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув кучайтирилади
Тошкент шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан “Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: замонавий ёндашувлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбир БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда Конрад Аденауэр жамғармаси ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Анжуманда 25 дан ортиқ давлатларнинг омбудсманлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, парламент аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
[gallery-30982]
Халқаро конференцияни кириш сўзи билан очган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева рақамли трансформация бугун давлат ва жамият ҳаётида янги имкониятлар яратиш билан бирга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ янги вазифаларни ҳам кун тартибига олиб чиқаётганини таъкидлади.
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда масъулиятни таъминлаш, интернет муҳитида камситиш ва зўравонликнинг олдини олиш, рақамли хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятларини яратиш муҳим экани қайд этилди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, бу борада парламент ва Омбудсман институти ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Анжуман иши учта тематик сессия доирасида давом этди. Уларда рақамли муҳитда хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кибербуллинг ва онлайн зўравонликнинг олдини олиш, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив рақамли хизматларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланишда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни кучайтириш, рақамли инклюзияни таъминлаш ҳамда бу жараёнда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтларининг ролини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Анжуман доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг миллий ва халқаро ҳамкорлари билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Тадбир якунида рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, рақамли инклюзияни кенгайтириш ҳамда рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган умумий ёндашувлар акс этган Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА